Сурхондарё вилоятининг Денов туманида 41 килограмм 904 грамм опий моддаси мусодара қилинди. Наркотик моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятлар учун муқаддам судланган уч нафар шахс қўлга олинди.
Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент вилояти томондан ҳаракатланиб келган, Денов туманида яшовчи, 1977 йилда туғилган шахс бошқарувидаги Cobalt русумли автомобиль тўхтатилиб, текширилди.
Текширув давомида автомобиль юкхонасига ўрнатилган газ баллони ичига 43 та ўрамда жами 41 килограмм 904 грамм опий яширилгани аниқланди.
Тезкор тадбир давомида наркотик моддани олиб кетиш учун келган, 1960 ва 1983 йилларда туғилган Денов ҳамда Сариосиё туманларида яшовчи икки нафар фуқаро ушланди. Маълум қилинишича, улар муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноят учун судланган.
Тадбирнинг кейинги босқичида қўшни давлатдан олиб келинган наркотик моддаларнинг буюртмачиси экани айтилган, 1978 йилда туғилган, Сариосиё туманида яшовчи шахс ҳам қўлга олинди. У ҳам муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноят учун судланган.
Ҳозирда ушланган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






