Суд маълумотларига кўра, жиноий гуруҳга Ж.Норқулов раҳбарлик қилган. У ўзини нуфузли шахслар билан яқин алоқаси бор инсон сифатида кўрсатиб, турли лавозимларга тайинлаш, давлат ташкилотлари билан йирик шартномалар тузиб бериш, ер ажратиш ва суд ишларини ҳал қилишни ваъда қилган.
Гуруҳ аъзолари эса бундай хизматларга ишонган шахсларни топиб, уларни Ж.Норқулов билан боғлаб турган.
Аниқланишича, улар 2021 йилда фуқаролардан бирини Асака туманидаги корхона раҳбари лавозимига тайинлатишни ваъда қилиб, 25 минг АҚШ доллари талаб қилган. Кейинчалик таҳдид орқали унинг Captiva автомобилини сотишга мажбурлаб, яна 10 минг доллар олган.
Шунингдек, темир йўл соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорга "Ўзбекистон темир йўллари" орқали 280 миллиард сўмлик шартнома олиб беришини айтиб, жами 119,5 минг доллар олган. Кейин унга Toyota Land Cruiser 200 автомобилини арзон нархда сотишни таклиф қилиб, 45 минг доллар олган, аммо на шартнома, на автомобиль берилган.
Жиноий гуруҳ яна бир фуқарога Янги Тошкент ҳудудидан ер ажратиш ва қурилиш ҳужжатларини тайёрлаб беришни ваъда қилиб, 40 минг доллар олган. Бироқ ваъда қилинган ишлар амалга оширилмаган.
Бундан ташқари, Хоразм вилоятидаги фермер хўжалиги ерлари бўйича масалани ҳал қилиш баҳонасида 58,4 минг доллар олингани аниқланган.
Тергов давомида гуруҳ аъзолари Қўрғонтепа туманидаги деҳқон бозорида ҳам тадбиркорларга савдо жойлари ажратиш, дўконларни расмийлаштириш ва электр қарздорлиги масаласини ҳал қилишни ваъда қилиб, турли миқдордаги маблағларни қўлга киритгани маълум бўлган.
Суд ҳукмига кўра, Ж.Норқулов фирибгарлик, одам ўғирлаш, товламачилик, талончилик, транспорт воситасини олиб қочиш ҳамда пора бериш билан боғлиқ жиноятларда айбдор деб топилиб, 10 йил 7 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Гуруҳнинг бошқа аъзолари Ш.Мирзаев, М.Зухридинов ва Д.Жўраевга ҳам 10 йил 2 ойдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, суд жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни судланувчилардан ундириш ҳақида қарор қабул қилган.
Судланувчилар апелляция шикояти бериб, айбловлар асоссиз эканини ва жазони енгиллаштиришни сўраган. Бироқ апелляция суди биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгаришсиз қолдирган.






