Сурхондарё вилоятининг Узун туманида давлат захирасидаги 2 гектар ер майдонини аукцион орқали арзон нархда олиб беришни ваъда қилган Экология бўлими бош мутахассиси ва Кадастрлар палатаси ходими ушланди. Улар фуқародан 12 млн сўм олаётган вақтда қўлга олинган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Департаментнинг Олтинсой тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Унда Узун тумани Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бош мутахассиси М.Б. фуқаро Р.Ю.га “Уланқул” маҳалласи ҳудудидаги давлат захирасида бўлган 2 гектар ер майдонини аукционга чиқариб, арзон нархда олиб беришини ваъда қилган.
Бунинг эвазига у 2 минг АҚШ доллари талаб қилган. М.Б. келишилган пулдан 12 млн сўмни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Давом эттирилган тезкор тадбирда эса Узун тумани Давлат кадастрлар палатасининг ерларни аукционга чиқариш шўъбаси етакчи мутахассиси К.Н. ҳам М.Б.дан 12 млн сўмни олаётган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






