Агентлик маълумотига кўра, мазкур ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўрганилган. Аниқланишича, воқеа 2025 йил декабрь ойида содир бўлган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар суриштирув ўтказилиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси иккинчи қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, Қумқўрғон туманидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази мутахассислари вазиятни ўрганиб чиққан. Вояга етмаган болага ҳамда унинг оила аъзоларига зарур ижтимоий хизматлар ва ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатилган.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари ҳақида тезкор хабарларни қабул қилиш мақсадида 1246 қисқа рақамли колл-марказ синов тартибида ишга туширилганини эслатди.
Агентлик фуқароларни болага нисбатан зўравонлик, бепарволик ёки унинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солувчи ҳолатларга дуч келганда, 1246 қисқа рақамига мурожаат қилишга чақирди.






