АсосийЖАМИЯТ

Президент хорижий давлатларнинг янги элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди

Президент ҳар бир мамлакат билан икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш истиқболларига алоҳида тўхталди.

'Президент хорижий давлатларнинг янги элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди'ning rasmi

28 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизга янги тайинланган тўққиз нафар фавқулодда ва мухтор элчининг ишонч ёрлиқларини қабул қилди.

Тантанали маросимда Италия Республикаси элчиси Гуидо де Санктис, Фаластин Давлати элчиси Ваилл Баттрех, Саудия Арабистони Подшоҳлиги элчиси Саад Абу Хаймид, Кувайт Давлати элчиси Турки Ал-Мекрад, Жазоир Халқ Демократик Республикаси элчиси Жамила Ашур, Малайзия элчиси Рафеда бинти Абдул Азиз, Покистон Ислом Республикаси элчиси Муҳаммад Мудассир Типу, Озарбайжон Республикаси элчиси Рашад Мамедов ҳамда Қозоғистон Республикаси элчиси Ерали Туғжанов иштирок этди.

Давлат раҳбари дипломатларни Янги Ўзбекистондаги шарафли фаолияти бошлангани билан қутлаб, бугунги мураккаб геосиёсий вазиятда дипломатик мулоқот ва ҳамкорлик ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.

Президент ҳар бир мамлакат билан икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш истиқболларига алоҳида тўхталди.

Италия билан ҳамкорликда "яшил" энергетика, металлургия, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, таълим ва туризм соҳаларида йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани қайд этилди. Шунингдек, Тошкентда Турин политехника университети ва Пиза университети филиаллари самарали фаолият юритаётгани таъкидланди.

Фаластин билан муносабатларга тўхталган давлат раҳбари Ўзбекистон Исроил—Фаластин можаросини «икки халқ учун икки давлат» тамойили асосида тинч йўл билан ҳал этиш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлади. Шу билан бирга, мамлакатимизнинг Тинчлик кенгашига таъсисчи давлат сифатида қўшилиши Ғазони тиклаш жараёнларини қўллаб-қувватлашга қаратилгани қайд этилди.

Саудия Арабистони билан ҳамкорлик намунавий даражага чиққанини таъкидлаган Президент бугунги кунда 25 миллиард долларлик қўшма лойиҳалар портфели шаклланганини билдирди. Тиббиёт, фармацевтика ва «яшил» энергетика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш учун катта имкониятлар мавжудлиги, шунингдек, ўзбекистонлик зиёратчилар учун Ҳаж ва Умра сафарларида яратилаётган шароитлар юқори баҳоланди.

Кувайт билан савдо-иқтисодий алоқалар, инвестициялар, инфратузилма, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди. Жумладан, Кувайт инвестиция агентлиги билан нефть-кимё ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Жазоир билан нефть-газ, энергетика, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги ва туризм йўналишларида қўшма лойиҳаларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Ҳукуматлараро қўшма комиссия тузиш ҳамда Имтиёзли савдо битимини имзолаш муҳим вазифалардан бири сифатида эътироф этилди.

Малайзия билан муносабатлар кейинги йилларда изчил ривожланаётгани, ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари Ўзбекистон бозорига фаол кириб келаётгани қайд этилди. Президент ярим ўтказгичлар, нефть-кимё, ислом молияси ва зиёрат туризми соҳаларида ҳамкорлик учун катта салоҳият мавжудлигини билдирди.

Покистон билан стратегик шериклик муносабатлари янги босқичга кўтарилгани таъкидланиб, Тошкент—Карачи тўғридан-тўғри авиақатновлари, Трансафғон транспорт йўлаги лойиҳаси, саноат кооперацияси, энергетика, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш устувор вазифа экани қайд этилди.

Озарбайжон билан муносабатлар стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига чиққанини айтган давлат раҳбари ўзаро савдо ҳажми 40 фоизга ошгани, қўшма корхоналар сони қарийб 450 тага етгани, юк ташиш ҳажми эса икки баробар кўпайганини маълум қилди. Шунингдек, яқин истиқболда икки давлат ўртасидаги инвестиция портфелини 10 миллиард долларга етказиш режалаштирилгани билдирилди.

Қозоғистон билан муносабатларга тўхталган Президент икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик изчил мустаҳкамланаётганини таъкидлади. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш, 8 миллиард долларлик қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда "Марказий Осиё" халқаро саноат кооперацияси марказини тўлиқ ишга тушириш устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилди.

Маросим якунида Шавкат Мирзиёев янги тайинланган элчиларга дипломатик фаолиятида муваффақият тилаб, Ўзбекистон томонидан уларнинг самарали ишлаши учун барча шароитлар яратилишини билдирди. Шунингдек, элчиларни мамлакат ҳудудлари ва хусусий сектор билан фаол ҳамкорлик қилишга чақирди.

Ўз навбатида, дипломатлар самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон билан кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлида бор имкониятларини сафарбар қилишини таъкидлади.

    Бошқа янгиликлар

    Президент хорижий давлатларнинг янги элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди - Darakchi.uz