АсосийЖАМИЯТ

Бошланғич синф ўқитувчиларига миллий сертификат учун ҳар ой 15 фоиз устама берилади

Янги тартибга кўра, сертификатнинг амал қилиш муддати давомида мазкур тоифадаги ўқитувчиларнинг лавозим маошига ҳар ой 15 фоиз миқдорида устама қўшиб берилади.

'Бошланғич синф ўқитувчиларига миллий сертификат учун ҳар ой 15 фоиз устама берилади'ning rasmi

2026/2027 ўқув йилидан бошлаб бошланғич синфларда дарс берувчи ҳамда тегишли мутахассисликка эга, миллий сертификатнинг В+ ва ундан юқори даражасини қўлга киритган ўқитувчиларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ҳар ой қўшимча устама тўланади.

Янги тартибга кўра, сертификатнинг амал қилиш муддати давомида мазкур тоифадаги ўқитувчиларнинг лавозим маошига ҳар ой 15 фоиз миқдорида устама қўшиб берилади.

Шунингдек, бошланғич таълим йўналиши бўйича миллий малака имтиҳонларини ташкил этиш ваколати Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига юклатилди. Имтиҳонда иштирок этиш учун талабгорлар ариза топширилган кундаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 1,5 баравари миқдорида тўлов амалга оширади.

Имтиҳон натижалари халқаро Раш модели асосида баҳоланади. Унга кўра, 70 балл ва ундан юқори натижа қайд этган талабгорларга А+, 65–69,9 балл олганларга А, 60–64,9 балл тўплаганларга эса В+ даражали миллий сертификат берилади.

Шу билан бирга, 55–59,9 балл тўплаганларга В, 50–54,9 балл олганларга С+, 46–49,9 балл натижа қайд этганларга эса С даражали сертификат расмийлаштирилади. Талабгорларнинг билим даражаси бошланғич синф фанлари, ўқитиш методикаси ва педагогик маҳорати бўйича тест синовлари орқали баҳоланади.

Миллий сертификат олиш истагидаги ўқитувчилар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали электрон тарзда ариза топшириб, рўйхатдан ўтади. Имтиҳондан муваффақиятли ўтган талабгорларга QR-кодли электрон сертификат бир иш куни ичида юборилади.

Натижалардан норози бўлган талабгорлар эса улар эълон қилинган кундан бошлаб уч кун ичида апелляция бериш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб ҳуқуқшунослик фанини билиш даражасини аниқлаш ҳамда ушбу йўналиш бўйича миллий сертификат бериш тизими ҳам жорий этилади.

    Бошқа янгиликлар

    Бошланғич синф ўқитувчиларига миллий сертификат учун ҳар ой 15 фоиз устама берилади - Darakchi.uz