АсосийЖАМИЯТ

"Хоразм гуручи" географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди

Адлия вазирлигида "Хоразм гуручи" географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.

'"Хоразм гуручи" географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди'ning rasmi

Маълум қилинишича, Хоразм воҳасида етиштириладиган гуруч юқори сифати, хушбўйлиги ва пишириш хусусиятлари билан ажралиб туради. Унинг ўзига хос жиҳатлари Амударё сувлари, унумдор тупроқлар, қулай иқлим шароити ҳамда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъанавий деҳқончилик тажрибаси билан боғлиқ.

Қайд этилишича, "Хоразм гуручи"нинг географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши маҳсулот номининг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлайди, унинг келиб чиқиши ва сифатини ҳимоя қилади. Шунингдек, мазкур номдан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олишга хизмат қилади.

Вазирликка кўра, ушбу қарор истеъмолчилар учун маҳсулотнинг ҳақиқийлигини кафолатлаш, Хоразм вилоятининг қишлоқ хўжалиги салоҳиятини юксалтириш, миллий брендни ривожлантириш ҳамда маҳсулотни ички ва ташқи бозорларда кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.

Маълумот учун, географик кўрсаткич — маҳсулотнинг муайян ҳудудга мансублигини, унинг сифати, нуфузи ва ўзига хос хусусиятлари айнан шу ҳудуднинг табиий-иқлимий ҳамда ижтимоий-маданий омиллари билан чамбарчас боғлиқ эканини тасдиқловчи интеллектуал мулк объекти ҳисобланади.

    Бошқа янгиликлар

    "Хоразм гуручи" географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди - Darakchi.uz