Ўзбекистонда давлат бюджети маблағларини режалаштириш ва сарфлаш тартибига янги талаблар киритилди. Энди асоссиз ёки самарадорлиги паст деб топилган бюджет харажатлари қайта кўриб чиқилиб, қисқартирилиши мумкин. Бу Адлия вазирлиги томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган 3558-5-сонли ҳужжатда белгиланган.
Қайд этилишича, Адлия вазирлиги давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этиш қоидаларига киритилган ўзгартишларни давлат рўйхатидан ўтказган.
Янги тартибга мувофиқ, бюджет сўровларида асоссиз ёки самарадорлиги паст деб баҳоланган харажатлар қайта кўриб чиқилади. Бундай ҳолатда бюджет маблағларини тақсимловчи ташкилотлар тегишли билдирнома олинганидан сўнг уч иш куни ичида янгиланган бюджет сўровини тақдим этиши шарт.
Шунингдек, бюджет маблағларини тақсимловчи ташкилотларнинг ривожлантириш дастурлари энди камида уч йиллик муддатга ишлаб чиқилади. Уларда эришилиши лозим бўлган аниқ натижа кўрсаткичлари ҳамда кутилаётган ижтимоий-иқтисодий самарадорлик белгиланиши назарда тутилган.
Ўзгартишларга кўра, маҳаллий бюджетларни режалаштириш жараёнида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ваколатлари ҳам кенгайтирилди. Улар даромадлар прогнози, харажатлар ҳажми ва бюджетлараро трансфертлар бўйича таклифларни шакллантиришда иштирок этади.
Бундан ташқари, маҳаллий бюджетларга бюджет ссудаси ажратиш ҳақидаги талабномалар беш иш куни ичида кўриб чиқилади. Қабул қилинган қарор эса аризачига бир иш куни ичида етказилади.
Адлия вазирлигига кўра, мазкур ўзгартишлар давлат бюджети маблағларидан янада мақсадли ва самарали фойдаланишни таъминлаш, шунингдек, давлат молияси барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилган.






