АсосийЖАМИЯТ

Марказий Осиё ва Озарбайжон етакчилари Иссиқкўл соҳилидаги “Боку” меҳмонхонасининг очилишида қатнашди

Мажмуа таркибига бассейн, аквапарк, спорт ва кўнгилочар инфратузилма объектлари ҳам киритилган.

'Марказий Осиё ва Озарбайжон етакчилари Иссиқкўл соҳилидаги “Боку” меҳмонхонасининг очилишида қатнашди'ning rasmi

Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарлари Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида ўтказилаётган норасмий Маслаҳат учрашуви доирасида Иссиқкўл соҳилида барпо этилган янги беш юлдузли “Боку” меҳмонхонасининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон ҳамда Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов қатнашди.

Давлат раҳбарлари замонавий меҳмонхона мажмуасида яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Қайд этилишича, мажмуа дам олувчиларни қабул қилиш, шунингдек, халқаро анжуман ва йирик тадбирларни ўтказиш учун мўлжалланган.

“Боку” меҳмонхонаси 17,2 гектар ҳудудда барпо этилган бўлиб, умумий майдони қарийб 30 минг квадрат метрни ташкил этади. Етти қаватли меҳмонхонада 120 дан ортиқ хона мавжуд.

Мажмуа таркибига бассейн, аквапарк, спорт ва кўнгилочар инфратузилма объектлари ҳам киритилган.

Меҳмонхона Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг Қирғизистонда ўтаётган норасмий учрашуви доирасида фойдаланишга топширилди.

    Бошқа янгиликлар

    Марказий Осиё ва Озарбайжон етакчилари Иссиқкўл соҳилидаги “Боку” меҳмонхонасининг очилишида қатнашди - Darakchi.uz