Ўзбекистон ва Қирғизистон 2006 йилги фуқароларнинг ўзаро сафарлари тўғрисидаги битимга ўзгартиш киритиш ҳақидаги протоколни имзолади.
Янги тартибга кўра, икки давлат фуқаролари чегарадан ўтган кундан бошлаб 15 сутка ичида қабул қилувчи давлатда вақтинчалик ёки доимий рўйхатдан ўтиши мумкин бўлади.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров маълум қилишича, икки давлат ўртасидаги келишувлар натижасида чегара ўтиш пунктлари сони ҳам 15 тадан 30 тага оширилган.
"Биз чегара билан боғлиқ барча масалаларни тўлиқ ҳал қилдик, чегара ўтиш пунктлари сонини 15 тадан 30 тага етказдик ва икки давлат фуқароларининг ўзаро мамлакат ҳудудида бўлиш муддатини 15 кунгача узайтирдик", — деди Садир Жапаров музокаралар якунлари бўйича ОАВ вакиллари олдида сўзлаган нутқида.
Янги қоидалар ҳар икки давлатда ички тартиб-таомиллар якунланганидан кейин кучга киради.






