АсосийДУНË

Европада иссиқ тўлқини янги офатларни келтириб чиқармоқда

Греция, Франция ва Испанияда юзлаб ўт ўчирувчилар ёнғинларни бартараф этиш ишларига жалб қилинган, аҳоли хавфсиз ҳудудларга кўчирилмоқда.

'Европада иссиқ тўлқини янги офатларни келтириб чиқармоқда'ning rasmi

Европанинг бир қатор давлатларида кучли иссиқ ва шамол сабаб юзага келган ўрмон ёнғинлари билан кураш давом этмоқда. Греция, Франция ва Испанияда юзлаб ўт ўчирувчилар ёнғинларни бартараф этиш ишларига жалб қилинган, аҳоли хавфсиз ҳудудларга кўчирилмоқда. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.

Грецияда шанба куни кучли шамол таъсирида Афина яқинида ҳам йирик ёнғинлар қайд этилди. Порто Гермено ҳудудидаги Агиа Параскеви тоғларида тарқалган ёнғин ўрмон ва бутазорларни қамраб олган. Расмийлар шамол кучайиши сабаб ёнғинни назорат қилиш қийинлашаётганини маълум қилди.

Беотия вилоятида ёнғинни ўчириш ишларига 300 нафардан ортиқ ёнғин ўчирувчи, махсус техникалар ва авиация жалб этилди. Агиос Василеиос шаҳарчасидан 200 дан зиёд аҳоли денгиз орқали эвакуация қилинди.

Франциянинг жануби-шарқида ҳам ёнғинлар кучайган. Вар департаментида бир неча кун олдин назоратга олинган ёнғин яна тарқалиб, қисқа вақт ичида минг гектардан ортиқ ҳудудга ёйилган. Мамлакат расмийлари вазиятни жиддий деб баҳоламоқда.

Испанияда эса бир қатор ҳудудларда ёнғинларга қарши кураш ишлари олиб борилмоқда. Айрим провинцияларда минглаб гектар майдон зарар кўрган бўлса, баъзи ҳудудларда вазият барқарорлашиб, эвакуация қилинган аҳоли уйларига қайтарилмоқда.

Мутахассислар фикрича, Европада кузатилаётган юқори ҳарорат, қурғоқчилик ва кучли шамоллар ўрмон ёнғинлари хавфини кескин оширмоқда. Улар жазирама нафақат табиатга, балки инсонлар саломатлигига ҳам жиддий таъсир кўрсатаётганини таъкидламоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Европада иссиқ тўлқини янги офатларни келтириб чиқармоқда - Darakchi.uz