Перуда кичик сайёҳлик самолёти ҳалокатга учраши оқибатида 13 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат полицияси маълум қилди.
Маълум қилинишича, самолётда Наска чизиқларини томоша қилиш учун кетаётган сайёҳлар бўлган. Ҳалокат 2 август куни мамлакат жанубида содир бўлган.
Полиция маълумотига кўра, самолёт бортида 11 нафар йўловчи ва икки нафар экипаж аъзоси бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида Италия, Испания ва Германия фуқаролари ҳам бор.
Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, самолёт қулаганидан кейин ёнғин чиққан ва бу қутқарув ишларини қийинлаштирган. Ҳодиса сабабларини аниқлаш бўйича текширув бошланган.
Маълумот учун, Наска чизиқлари — Перу жанубидаги саҳрода жойлашган қадимий геоглифлар бўлиб, мамлакатнинг машҳур сайёҳлик масканларидан бири ҳисобланади.






