Бухоро вилоятида 2009 йилда туғилган вояга етмаган болани унинг иродасига қарши олиб кетиб, калтаклаган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Ҳолат Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинган.
Аниқланишича, жорий йилнинг 28 август куни Бухоро вилоятида яшовчи фуқаро Э.Р. қизи О.Д. билан кўришиш мақсадида келган вояга етмаган Э.О.ни унинг иродасига қарши равишда автомашинада ўз қариндоши Ф.Ф.нинг хонадонига олиб борган. У ерда Э.О. бошқа шахслар билан бирга калтакланган.
Терговга қадар текширув доирасида тайинланган суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, Э.О. танасининг турли қисмларида жароҳатлар мавжудлиги аниқланган.
Ҳолат юзасидан 7 сентябрь куни Э.Р. ва Ф.Ф.га нисбатан Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми «а, в» бандлари ҳамда 105-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Айни вақтда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари туман прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.
Болалар омбудсмани вояга етмаган жабрланувчининг манфаатлари, шаъни ва қадр-қимматини инобатга олган ҳолда, мазкур жиноят ишига оид тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликка чақирди.
Қайд этилишича, Болалар омбудсмани боланинг процессуал ҳуқуқлари таъминланиши юзасидан ўз кузатувини давом эттиради.






