Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Иркутск вилоятидаги инфекция билан боғлиқ вазият юзасидан Россияга ёрдам беришга тайёрлиги ҳақидаги баёнотига муносабат билдирди. Бу ҳақда РБК хабар берди.
“Ўзаро ёрдам таклиф қилингани ҳамиша жуда яхши”, деди Песков.
Россия Президенти матбуот котибининг таъкидлашича, вазиятга оид энг тўлиқ маълумотларни Роспотребнадзор бериб бормоқда. Шу боис у вазият ҳақида ахборот олиш учун мазкур идора маълумотларига таянишни тавсия қилди.
“Роспотребнадзор етарлича тўлиқ маълумот тақдим этмоқда. Шу сабабли сизга ўша ерга мурожаат қилишни тавсия қиламан. Роспотребнадзор томонидан баёнотлар берилди ва кейинчалик улар Россия оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди”, деди Песков.
Унинг сўзларига кўра, идора томонидан иш давомида қўшимча маълумотлар ҳам тақдим этиб борилади.
Аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Россиянинг Иркутск вилоятида ўлат касаллиги тарқалган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга муносабат билдириб, Москвага ёрдам таклиф қилган эди.
Россия расмийлари 29 сентябрь куни Иркутск ўлатга қарши курашиш институти ходимаси оғир пневмония аломатлари билан шифохонага ётқизилганини маълум қилган. У 1 октябрдан 2 октябрга ўтар кечаси вафот этган.
Айрим оммавий ахборот воситалари аёл ўлатдан вафот этган бўлиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатган. Тахминлардан бирига кўра, 27 ёшли аёл Мўғулистон билан чегара ҳудудида ўлат ўчоғи қайд этилган Бурятиядан хизмат сафаридан қайтган. Бошқа тахминга кўра, у лабораторияда хавфли бактерия сақланган пробиркани тасодифан синдириб юборган.
Аёлнинг ўлимидан сўнг у даволанган Шелехов шифохонаси карантинга ёпилган. Марҳума билан алоқада бўлган 189 киши аниқланиб, тиббий назоратга олинган ва шифохонага жойлаштирилган. Иркутск вилояти губернатори Игорь Кобзев уларда касаллик белгилари аниқланмаганини маълум қилган.
Шу билан бирга, Россия расмийлари аёлнинг ўлатдан вафот этганини тасдиқламаган. Роспотребнадзор беморга “келиб чиқиши номаълум пневмония” ташхиси қўйилганини билдирган.
Воқеалар фонида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам эҳтиёт чоралари кучайтирилди. Хусусан, Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ўта хавфли инфекцияларнинг мамлакатга кириб келишининг олдини олиш бўйича масъул хизматларнинг шайлигини оширган.
Шунингдек, 3 октябрь куни Байкалск шаҳри маъмурияти фуқароларни Шелехов шаҳрига бормасликка чақирган. Кейинчалик ушбу хабар ўчириб ташланган. 4 октябрь куни эса Иркутскдаги бир нечта шифохонада уч ҳафталик карантин жорий этилган.






