АсосийЖАМИЯТ

Амударё қуриб боряптими?

Сув хўжалиги вазирлиги расмий муносабат билдирди.

'Амударё қуриб боряптими?'ning rasmi

Ижтимоий тармоқларда Амударёнинг қуриб бораётгани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан Сув хўжалиги вазирлиги расмий муносабат билдирди. Вазирлик маълумотларига кўра, дарёда сув оқими сақланиб қолмоқда.

Вазирликнинг маълум қилишича, Амударё Тожикистон ва Афғонистон ҳудудларидаги тоғлардан бошланувчи Панж ва Вахш дарёларининг қўшилишидан ҳосил бўлади. Кофарниҳон дарёси ҳам Амударёнинг йирик ирмоқларидан бири ҳисобланади.

Амударё ҳавзасининг юқори қисмида, Тожикистон ҳудудидаги Вахш дарёсида жойлашган Нурек сув омборига 2026 йил 9 октябрь ҳолатига кўра, ҳар сонияда 408 куб метр сув келиб тушмоқда. Омбордан чиқарилаётган сув миқдори эса секундига 320 куб метрни ташкил этмоқда. Сув омборидаги умумий сув ҳажми 10 миллиард 540 миллион куб метрга тенг.

Ўзбекистон ҳудудига кириб келадиган Амударё сув сатҳи Термиз гидропостида кузатиб борилади. 9 октябрь куни ушбу гидропостда сув сатҳи 239 сантиметрни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 сантиметр юқори.

Шу билан бирга, Керки гидропостида дарё сув сарфи секундига 499 куб метрни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан секундига 63 куб метрга кам.

Вазирлик ушбу кўрсаткичлар Амударёда сув оқими сақланиб қолаётганини кўрсатишини таъкидлаган.

Қайд этилишича, сентябрь–октябрь ойларида дарёларда сув сарфи ва сатҳининг пасайиши мавсумий гидрологик жараён ҳисобланади. Вегетация мавсуми якунланиши муносабати билан сув омборларида кейинги мавсум эҳтиёжлари учун сув захиралари тўпланмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Амударё қуриб боряптими? - Darakchi.uz