Қорақалпоғистонда янги барпо этилган Илмий-амалий тиббиёт академияси Оролбўйи минтақасида тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.
Марказ йилига 3 минг нафар шифокор ҳамда 6 минг 800 нафар ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимининг билимини замонавий стандартлар асосида янгилаш имкониятига эга. Шунингдек, ҳудуддаги шифохоналар учун ҳар йили 100 нафарга яқин тор соҳа мутахассиси — клиник ординаторлар тайёрланади.
Янги мажмуада 80 та доимий иш ўрни яратилган. Тизим энг чекка ҳудудларда фаолият юритаётган тиббиёт ходимларини ҳам қамраб олади. Бунинг учун масофавий таълим платформаси ишга туширилган.
Узоқдан келиб таҳсил олувчилар учун 72 ўринли меҳмонхона ва 3 мингдан зиёд илмий адабиётга эга ахборот-ресурс маркази ҳам ташкил этилган.
Лойиҳа орқали Оролбўйининг чекка ҳудудларида ҳам аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун малакали мутахассислар тайёрлаш имкониятини кенгайтириш кўзда тутилган.






