Президент Шавкат Мирзиёев 18 сентябрь куни Кегейли туманидаги иссиқхона мажмуаси фаолияти билан танишди.
Мажмуа Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган. Лойиҳа учун 12,5 миллиард сўм имтиёзли маблағ ажратилиб, 5 гектар майдонда замонавий енгил типдаги иссиқхона барпо этилган.
Лойиҳа доирасида Ижтимоий реестрга киритилган 50 та эҳтиёжманд оиланинг ҳар бирига 10 сотихдан иссиқхона майдони ажратилган. Уларни ўқитиш ва тажрибасини ошириш жараёни эса мажмуага бириктирилган лидер тадбиркор зиммасига юклатилган.
Оилалар икки йил давомида иссиқхона хўжалигини юритиш бўйича шу ернинг ўзида таълим олади. Етарли билим ва тажрибага эга бўлгач, уларга ўз томорқаларида иссиқхона ташкил этиш ва даромад манбаини йўлга қўйишда ҳам кўмаклашилади.
Етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари лидер тадбиркор томонидан бозор нархида сотиб олиниши белгиланган.
Шунингдек, мажмуада йилига 1 минг нафар фуқарони иссиқхона хўжалиги ва деҳқончилик йўналишларида ўқитиш йўлга қўйилган.
Аҳоли даромадларини ошириш мақсадида қўшимча лойиҳалар ҳам амалга оширилган. Иссиқхона яқинидаги 350 метрлик зовурда 500 бош ўрдак боқишга мўлжалланган ўрдакхона ташкил этилган.
Лойиҳа доирасида оилаларга Бразилиядан келтирилган “Фаворит” наслига мансуб ўрдаклардан 10 бошдан берилган. Фуқароларга уларни кўпайтириш технологияси ҳам ўргатилмоқда.
Мажмуада ресурс тежамкор технологиялардан ҳам фойдаланилмоқда. Хусусан, ҳудудга қуввати 100 киловатт бўлган қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, улар ишлаб чиқараётган электр энергияси иссиқхонанинг кундалик эҳтиёжини қопламоқда.
Таъкидланишича, мазкур лойиҳа қишлоқ жойларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва эҳтиёжманд оилалар учун барқарор даромад манбаини яратишга қаратилган.






