Битирувчилар сифати индекси (BSI) доирасида олий таълим муассасалари битирувчиларининг меҳнат бозоридаги натижалари жинслар кесимида ҳам таҳлил қилинди.
Натижаларга кўра, қизлар ўртасида бандлик даражаси йигитларга нисбатан юқори бўлган. Хусусан, қизларнинг 85,1 фоизи, йигитларнинг эса 80,4 фоизи иш билан таъминланган.

Ишга жойлашиш учун кетган ўртача вақт ҳам қизларда қисқароқ бўлган. Улар ўртача 2 ойда ишга жойлашган бўлса, йигитларда бу кўрсаткич 3 ойни ташкил этган.
Бироқ ўртача иш ҳақи бўйича тескари ҳолат кузатилган. Йигитларнинг ўртача ойлик маоши 6 миллион сўмни ташкил этган бўлса, қизларда бу кўрсаткич 3,9 миллион сўм бўлган.
Тадқиқотда битирувчиларнинг қайси таълим йўналишлари бўйича меҳнат бозорида юқори натижа кўрсатаётгани ҳам ўрганилган. Қизлар орасида транспорт хизматлари, математика ва статистика, таълим, бизнес ва бошқарув ҳамда гуманитар фанлар юқори натижа қайд этган.
Йигитларда эса бизнес ва бошқарув, соғлиқни сақлаш, санъат, математика ва статистика ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари йўналишлари юқори кўрсаткичларга эга бўлган.
Битирувчилар сифати индекси маълумотлари 10 та давлат ахборот тизими билан интеграция қилинган ҳолда автоматик шакллантирилган. Ҳисоб-китобларда HEMIS, солиқ, меҳнат, ижтимоий ҳимоя, божхона ва бошқа давлат ахборот тизимларидаги маълумотлардан фойдаланилган.






