АсосийЖАМИЯТ

Азиз Ҳакимов 4 йил 2 ойга озодликдан маҳрум қилинди

Азиз Ҳакимов ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари билан танилган бўлиб, у Ўзбекистон Республикасининг суверенитетига қарши фикрлари, СССРни тарғиб қилгани ва уни қайта тиклаш зарурлиги ҳақидаги баёнотлари билан жамоатчилик эътиборига тушган.

'Азиз Ҳакимов 4 йил 2 ойга озодликдан маҳрум қилинди'ning rasmi

Бугун, 11 август куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг ёпиқ суд мажлисида Азиз Ҳакимовга нисбатан жиноят иши бўйича суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари хабар берди.

Суд ҳукмига кўра, Азиз Ҳакимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми (туҳмат), 140-моддаси 2-қисми (ҳақорат қилиш) ҳамда 156-моддаси 2-қисмида (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган.

Унга Жиноят кодексининг 59 ва 61-моддалари тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 4 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шу билан бирга, суд Азиз Ҳакимовнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 150-моддасида назарда тутилган “урушни тарғиб қилиш” жинояти таркиби мавжуд эмас, деган хулосага келган. Шу сабабли у Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан ушбу айблов бўйича оқланган.

Суд ҳукми билан Рақамли технологиялар вазирлигига Азиз Ҳакимов томонидан Telegram мессенжерида юритилган “Comrade_Aziz” каналини блоклаш мажбурияти ҳам юклатилган.

Иш бўйича 6 нафар жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилган.

Азиз Ҳакимовга суд ҳукми устидан юқори суд инстанциясига шикоят бериш муддати ва тартиби ҳам тушунтирилган.

Қайд этилишича, Азиз Ҳакимов 2025 йилда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, журналист Шерзодхон Қудратхўжони камситгани учун жаримага тортилган. Ўшанда унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари — 18 миллион 750 минг сўм миқдорида жарима тайинланган эди.

Азиз Ҳакимов ижтимоий тармоқлардаги чиқишлари билан танилган бўлиб, у Ўзбекистон Республикасининг суверенитетига қарши фикрлари, СССРни тарғиб қилгани ва уни қайта тиклаш зарурлиги ҳақидаги баёнотлари билан жамоатчилик эътиборига тушган.

Шунингдек, унинг 1930-йиллардаги сиёсий қатағон қурбонлари ҳамда 1920-йиллардаги миллий-озодлик ҳаракати иштирокчилари хотирасини қоралаган чиқишлари ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлган.

    Бошқа янгиликлар

    Азиз Ҳакимов 4 йил 2 ойга озодликдан маҳрум қилинди - Darakchi.uz