Бугун, 13 август куни Русланбек Қуролтаевич Давлетов Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Президентнинг тегишли фармони қабул қилинди.
Русланбек Давлетов мазкур лавозимда 2025 йил июль ойидан буён ишлаб келаётган эди. Унинг лавозимидан озод этилиши сабаблари маълум қилинмаган. Шунингдек, унга бошқа лавозим берилмаган.
Маълумот учун, Русланбек Давлетов 1980 йил 1 июнда Хоразм вилоятининг Шовот туманида туғилган. У 2001 йилда Буюк Британиядаги Уорвик университетини бакалавр даражаси билан, 2003 йилда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини магистр даражаси билан тамомлаган. Кейинчалик Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академисида таҳсил олган.
Давлетов меҳнат фаолиятини 2001 йилда Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасида етакчи мутахассис сифатида бошлаган. Турли йилларда Вазирлар Маҳкамаси, Олий суд ҳузуридаги тадқиқот маркази ва Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида масъул лавозимларда ишлаган.
У 2016 йил сентябридан 2017 йил январга қадар адлия вазирининг биринчи ўринбосари бўлган. 2017 йил январда Президентнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни мувофиқлаштириш бўйича Давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.
2017 йил сентябридан 2022 йил ноябрига қадар Ўзбекистон адлия вазири лавозимида фаолият юритган. 2022 йил ноябрь ойида Президентнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган.
2024 йил декабрда эса Русланбек Давлетов Президентнинг ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган эди.
Шу билан бирга, 13 август куни Олим Давлатов Президентнинг вакиллик органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланди.
Олим Давлатов — адабиётшунос, шарқшунос ва навоийшунос. У 1976 йилда Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида туғилган. 1998 йилда Тошкент давлат университетининг Шарқшунослик факультетини тамомлаган, 1999–2002 йилларда Тошкент давлат шарқшунослик институти аспирантурасида таҳсил олган.
Олим Давлатов Алишер Навоийнинг “Хазойин ул-маоний” куллиёти, Ҳофиз Шерозийнинг “Девон” асарини луғат ва изоҳлар билан нашрга тайёрлаган. Шунингдек, Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат” тазкирасини замонавий ўзбек адабий тили меъёрларига мослаштириб, нашр эттирган.
У 2026 йил 28 майда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони билан тақдирланган. Тайинловга қадар Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди директори лавозимида ишлаб келган.






