АсосийДУНË

Афғонистонда аёлларнинг ярми ойига бир-икки марта уйидан чиқади — БМТ

Айни пайтда Афғонистон қизларнинг ўрта таълим олиши ва аёлларнинг университетда ўқиши тақиқланган дунёдаги ягона мамлакат бўлиб қолмоқда.

'Афғонистонда аёлларнинг ярми ойига бир-икки марта уйидан чиқади — БМТ'ning rasmi

Афғонистонда аёлларнинг ярми ойига атиги бир ёки икки марта уйидан ташқарига чиқмоқда. БМТ Аёллар агентлиги бунга “Толибон” томонидан жорий этилган чекловлар сабаб аёлларнинг ҳаракатланиш эркинлиги ва жамият ҳаётидаги иштироки кескин қисқарганини маълум қилди.

БМТ Аёллар агентлиги 12 август куни эълон қилган маълумотларга кўра, сўровда қатнашган аёлларнинг ярми ойига икки марта ёки ундан кам ҳолатда уйидан чиқишини билдирган. Уларнинг қарийб тўртдан уч қисми эса эркак ҳамроҳисиз — маҳрамсиз — кўчага чиқишни хавфли деб ҳисоблайди.

Айни пайтда Афғонистон қизларнинг ўрта таълим олиши ва аёлларнинг университетда ўқиши тақиқланган дунёдаги ягона мамлакат бўлиб қолмоқда. БМТ Аёллар агентлиги маълумотларига кўра, “Толибон” 2021 йилда ҳокимиятни эгаллаганидан буён аёллар ва қизларга қарши 100 дан ортиқ фармон чиқарган.

“2021 йил август ойида “Толибон” ҳокимиятни эгаллаганидан беш йил ўтиб, Афғонистон аҳолисининг ярми ҳуқуқларини тизимли равишда бекор қилди. Бу замонавий дунёда ягона ҳолатдир”, дейилади агентлик баёнотида.

Бироқ “Толибон” вакиллари БМТ маълумотларини рад этмоқда. Афғонистоннинг Эзгуликка даъват қилиш ва иллатнинг олдини олиш вазирлиги матбуот котиби Сайф ул-Ислом Хайбар аёлларнинг кўчага чиқишдан қўрқаётгани ҳақидаги хабарлар ёлғон эканини айтди. У мамлакатда аёллар барча ҳуқуқларга эга эканини таъкидлади.

“Қарийб 50 йил ичида биринчи марта Афғонистоннинг барча фуқаролари ўзларини хавфсиз ҳис қилмоқда”, деди у. Хайбар аёллар ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ижобий томонга ўзгараётганини қўшимча қилди.

БМТ Аёллар агентлиги чекловлар аёлларнинг руҳий ҳолатига ҳам салбий таъсир кўрсатаётганини қайд этди. Сўровда қатнашган аёлларнинг 70 фоизи ўз руҳий ҳолатини “ёмон” ёки “жуда ёмон” деб баҳолаган. Бунга ёлғизлик, имкониятлардан маҳрум бўлиш ва ёрдам олиш имконияти чеклангани сабаб сифатида кўрсатилган.

Аёллар иқтисодий ҳаётдан ҳам деярли четда қолмоқда. БМТ маълумотларига кўра, эркакларнинг 84 фоизи банд бўлган бир пайтда аёлларнинг атиги 7 фоизи ишлайди.

Шунингдек, ЮНЕСКО 11 август куни тарқатган маълумотларга кўра, “Толибон” 2021 йилда ҳокимиятга келганидан буён қарийб 2,4 миллион афғонистонлик қиз ўрта таълим олиш имкониятидан маҳрум бўлган.

БМТ Аёллар агентлиги, шунингдек, 2026 йилда жорий этилган сўнгги чоралар эркаклар ва аёлларнинг қонун олдидаги тенглигини янада заифлаштиргани, никоҳда эркакларнинг ваколатини оширгани ҳамда аёлларнинг никоҳдан ажрашини қийинлаштирганидан огоҳлантирди.

Маълумотларга кўра, ҳисобот 2025 йил февраль–март ойларида 2190 киши ўртасида уйма-уй ўтказилган сўров ҳамда 2026 йил апрель–май ойларида 2811 киши билан телефон орқали ўтказилган сўров натижаларига асосланган.

    Бошқа янгиликлар