Россия Ғарб томонидан "қароқчилик ва талончилик" деб баҳоланаётган ҳаракатларга жавоб қайтариш учун ўз нишонларини танлайди. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров "Вести" ахборот агентлигига берган интервьюсида айтди.
Лавровнинг таъкидлашича, "соя флоти" тушунчаси Европа Иттифоқи томонидан киритилган бўлиб, у Россиянинг жаҳон бозорларида пул ишлаш имкониятини чеклашга қаратилган.
"Европа Иттифоқига бўйсунмайдиган ҳар қандай байроқ остида сузиб юрган кемалар "соя флоти" деб эълон қилинмоқда", — деди Россия ташқи ишлар вазири.
Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи нафақат бундай кемаларни тўхтатиш ва текшириш, балки уларнинг юкларини мусодара қилиш, сотиш ҳамда тушган маблағларни Киевга юбориш ваколатига эга.
Лавров "соя флоти" кемаларини текширишга қаратилган Европа стратегиясини "хавфли йўл" деб атади. У Брюссел ўзини халқаро ҳуқуқдан устун қўяётганини билдирди.
Россия ташқи ишлар вазири Ғарбнинг бундай ҳаракатлари давом этса, Москва жавоб чоралари кўриши ва бунинг учун нишонларни ўзи танлашини маълум қилди.






