АсосийДУНË

Жапаров: "Қамчи президент бўларди, мен эса дам олишга кетардим"

Президент Ташиев билан 20 йилдан ортиқ вақтдан бери оилавий дўст эканини таъкидлади.

'Жапаров: "Қамчи президент бўларди, мен эса дам олишга кетардим"'ning rasmi

Қирғизистон президенти Садир Жапаров янги интервьюсида Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси Қамчибек Ташиевни мамлакатнинг бўлажак президенти сифатида кўрганини айтди. У Ташиевни 2027 йилги президентлик сайловларида қўллаб-қувватлашни режалаштирганини маълум қилди.

Жапаровнинг сўзларига кўра, у аввал президентликнинг иккинчи муддатига номзодини қўймаслик ва Ташиевнинг номзодини қўллаб-қувватлаш ниятида бўлган. Президент Ташиев билан 20 йилдан ортиқ вақтдан бери оилавий дўст эканини таъкидлади.

"2020 йилда озодликка чиқиб, президент бўлганимда уни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинладим. Беш йил яхши ишлади. Лекин битта камчилиги — дўстларини, синфдошларини кузата олмади. У ишдан кетди. Албатта, инсон камчиликсиз бўлмайди. У менинг дўстим бўлиб қолади, лекин уни бирор лавозимга тайинлаш ниятим йўқ", — деди Жапаров журналист Али Токтакуновга берган интервьюсида.

Қирғизистон раҳбари президентлик муддати тугагач, сиёсатдан кетиб, дам олишни режалаштирганини айтди.

"2027 йилда олти йиллик президентлик муддатим тугагач, агар Қамчи тайёр бўлса, президентлик сайловига қайта чиқмайман, деб ўйлагандим. Қамчи президент бўларди, мен эса дам олишга кетардим. Шундай режам бор эди. Бир йил олдин бу ҳақда унга ўзим айтган эдим", — деди у.

Жапаров Ташиевга атрофидаги одамларга эътиборли бўлиш ва сайловга тайёргарлик кўришни маслаҳат берганини, бироқ кейинчалик унинг бу борада тайёр эмаслигини англаганини билдирди.

"Кейин қарасам, у тайёр эмас. Ходимлари ўзини рисоладагидек тутмаяпти, атрофидаги одамлар эса ўзига бино қўйган. 75 оқсоқолнинг хати чиққанда, парламентни генерал тарафдорларига ажрата бошлашганда, мен уни чақириб: "Бундай бўлмайди. Одамларни иккига ажратиш мумкин эмас. Шунинг учун хафа бўлма, сени лавозимингдан озод қиламан", дедим", — дея эслади Жапаров.

Президент Ташиевнинг мамлакат ривожига қўшган ҳиссасини инкор этмаслигини ҳам қайд этди.

"У дам олиб, балки таҳлил қилиши, қаерда хато қилганини тушуниши керак. Мен фақат у хатолар қилди, дейишдан йироқман. Йўқ, натижалар бор, мамлакатимиз муваффақиятида унинг ҳиссаси жуда катта", — деди Садир Жапаров.

Шу билан бирга, Жапаров 2027 йилги президентлик сайловларида яна бир муддатга ўз номзодини қўйишини маълум қилди.

"Мен яна бир муддатга ўз номзодимни қўйиш ва ишни давом эттириш ниятидаман. Яна ким сайловда қатнашмоқчи бўлса, ўз номзодини қўйсин. Ҳеч кимни чекламаймиз", — деди Қирғизистон президенти.

Қирғизистонда навбатдаги президентлик сайловлари 2027 йил 27 январда ўтказилиши керак.

"75 мактуб" воқеаси

2026 йил февраль ойида 75 нафар киши Садир Жапаров ва Жогорку Кенеш раисига муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказишни сўраб мурожаат қилган. Мурожаат муаллифларининг айримлари кейинчалик қўлга олинган ва уларга нисбатан жиноий ишлар қўзғатилган.

Мазкур мактубдан сўнг Қамчибек Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси лавозимидан озод этилган. Жапаров Ташиевнинг "75 мактуб"га алоқадорлигига тергов ва суд ҳуқуқий баҳо беришини айтган.

29 июнь куни бўлиб ўтган суд мажлисида Ташиев прокурорларни унга қўйилган айбловдан воз кечишга чақирган. Бироқ прокуратура вакиллари бу таклифга муносабат билдирмаган.

2 июль куни суд Ташиевни мол-мулкини мусодара қилган ҳолда 4 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган. Шу билан бирга, унга нисбатан уч йиллик пробация назорати қўлланган. Шу тариқа, Ташиев жазони амалда қамоқда ўтамайди.

16 июль куни Қамчибек Ташиев 2027 йилги президентлик сайловларида номзодини қўймаслигини ва амалдаги президент Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

    Бошқа янгиликлар

    Жапаров: "Қамчи президент бўларди, мен эса дам олишга кетардим" - Darakchi.uz