АсосийЖАМИЯТ

Шавкат Мирзиёев Урганч халқаро аэропортидаги реконструкция ишлари билан танишди

Давлат раҳбари бундай тадбирларда иштирок этадиган хорижий делегациялар учун юқори даражадаги қулайлик ва хавфсизликни таъминлаш муҳимлигини қайд этди.

'Шавкат Мирзиёев Урганч халқаро аэропортидаги реконструкция ишлари билан танишди'ning rasmi

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хоразм вилоятига ташрифи Урганч халқаро аэропортида амалга оширилаётган бунёдкорлик ва реконструкция ишлари билан танишишдан бошланди.

Сўнгги йилларда Хоразмга келаётган сайёҳлар ва хорижий меҳмонлар оқими сезиларли даражада ошган. Шу боис вилоятнинг туристик салоҳиятини янада кенгайтириш, замонавий транспорт-логистика инфратузилмасини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Урганч халқаро аэропортида расмий делегацияларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган терминал барпо этилмоқда. Шунингдек, янги аэродром мажмуасини реконструкция қилишнинг биринчи босқичи амалга оширилмоқда.

Маълумотларга кўра, аэропорт 1960 йилда ишга туширилган, 1992 йилда унга халқаро мақом берилган. Айни пайтда аэропорт орқали ўнга яқин халқаро авиакомпания мунтазам қатновларни амалга оширмоқда.

Жорий йилда аэропорт томонидан 126 млрд сўмлик хизмат кўрсатилган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоизга кўп.

Урганч халқаро аэропортини кенгайтириш ва модернизация қилиш учун 264 млн доллар инвестиция йўналтирилган. Лойиҳа давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилмоқда.

Лойиҳанинг хусусий шериги сифатида Жанубий Кореянинг "Incheon International Airport Corporation" компанияси жалб қилинган. Мазкур компания Урганч аэропортини модернизация қилиш ва бошқариш жараёнида иштирок этмоқда.

Реконструкция ишлари натижасида аэропортда "Boeing 747" ва "Airbus A350" каби йирик ҳаво кемаларини қабул қилиш имконияти яратилади. Бу Хоразмга дунёнинг турли минтақаларидан тўғридан-тўғри узоқ масофали авиақатновларни йўлга қўйиш имконини кенгайтиради.

Лойиҳанинг биринчи босқичида 18 та ҳаво кемаси тураргоҳи ва янги бурилиш йўлаги қурилади. Шунингдек, замонавий чегара назорати ва виза бўлимлари, бизнес-зал, савдо ва овқатланиш шохобчалари, тиббиёт пункти ҳамда "Duty Free" зонаси ташкил этилади.

Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, аэропортнинг йўловчиларга хизмат кўрсатиш қуввати соатига 300 нафардан 1 минг 300 нафаргача оширилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Хива ва Урганч шаҳарлари халқаро саммитлар, юқори даражадаги дипломатик учрашувлар, иқтисодий ва маданий анжуманлар ўтказиладиган йирик марказларга айланиб бораётганини таъкидлади.

    Бошқа янгиликлар

    Шавкат Мирзиёев Урганч халқаро аэропортидаги реконструкция ишлари билан танишди - Darakchi.uz