Саноат кооперацияси, сунъий интеллект, транспорт, киберхавфсизлик ва инсон салоҳиятини ривожлантириш асосий вазифалардан бўлади.
Ўзбекистон 2027 йилда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислик қилиши давомида иқтисодиёт, янги технологиялар, транспорт, хавфсизлик, таълим ва илм-фан соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтиришни мақсад қилган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев МДҲ саммитида маълум қилди.
Давлат раҳбари раислик даври учун «МДҲ — ишонч ва умумий тараққиёт макони» шиори танланганини таъкидлади. Концепция ва тадбирлар режасида юздан ортиқ амалий тадбирни ўтказиш кўзда тутилган.
Иқтисодиёт соҳасида асосий эътибор саноат кооперациясига қаратилади. Қўшма ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, барқарор етказиб бериш занжирларини йўлга қўйиш ва ўзаро савдога тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиш таклиф қилинди.
Технологик ҳамкорлик доирасида эса сунъий интеллект, роботлаштириш, муҳим минераллар, янги материаллар ва замонавий энергетика технологияларини ривожлантириш устувор вазифалардан бўлади.
Транспорт йўналишида транзит тартиб-таомилларини соддалаштириш, қулай ва хавфсиз йўлакларни яратиш ҳамда Марказий Осиёнинг Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасидаги транспорт тугуни сифатидаги имкониятларидан тўлиқ фойдаланишга эътибор қаратилади.
Хавфсизлик соҳасида терроризм, экстремизм ва кибержиноятчиликка қарши курашиш бўйича ҳамкорликни кучайтириш режалаштирилган. Айниқса, фуқаролар, бизнес, банклар ва давлат тизимларига таҳдид солаётган кибержиноятчиликка қарши биргаликда ҳаракат қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Шунингдек, талабалар, ёш мутахассислар, олимлар, тадқиқотчилар ва ижодкорлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтиришга алоҳида аҳамият берилади. Президентга кўра, ҳамкорликнинг марказида инсон, унинг қадр-қиммати, манфаатлари ва имкониятларини рўёбга чиқариш туриши керак.
Саммит якунида МДҲ доирасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларига оид битим ва қарорлар тўплами имзоланди.






