Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёева ва Озарбайжон биринчи хоними Меҳрибан Алиева 23 август куни Тошкент шаҳрида учрашди. Бу ҳақда Зироат Мирзиёеванинг расмий Telegram-каналида хабар берилди.
Қўшма дастур доирасида биринчи хонимлар Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, у ердаги экспозициялар билан танишди.

Зироат Мирзиёева ва Меҳрибан Алиева "Исломгача бўлган цивилизациялар" зали, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига бағишланган экспозициялар, шунингдек, "Янги Ўзбекистон" залида намойиш этилган тарихий ва маданий ёдгорликларни кўздан кечирди.

Музейда Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги кўп асрлик тарихий ва маданий алоқаларни акс эттирувчи экспонатларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф якунида биринчи хонимлар марказнинг маънавий ва меъморий маркази бўлган "Қуръон зали" билан танишди. У ердаги энг ноёб ёдгорликлардан бири VII асрга мансуб Усмон Мусҳафи ҳисобланади. Муқаддас Қуръоннинг бизгача етиб келган энг қадимий қўлёзмаларидан бири бўлган ушбу нодир ёдгорлик UNESCOнинг "Жаҳон хотираси" халқаро реестрига киритилган.
Учрашув давомида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги гуманитар ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди. Икки қардош халқни муштарак тарих, маданий анъаналар ва маънавий қадриятлар бирлаштириб туриши қайд этилди.

Шунингдек, Зироат Мирзиёева ва Меҳрибан Алиева Тошкентдаги "Охун Guzar" шоурумига ташриф буюрди. Бу ерда ўзбек ҳунармандчилиги анъаналарини замонавий талқинда давом эттираётган маҳаллий брендлар маҳсулотлари намойиш этилган.

Олий мартабали меҳмонлар миллий нақшлар, кўп асрлик ҳунармандчилик анъаналари ва ўзбек халқининг маданий қадриятлари акс этган маҳаллий уста ва дизайнерлар маҳсулотлари билан танишди.
Маданий дастур доирасида ўзбек халқининг урф-одат ва анъаналари ҳам намойиш этилди. Жумладан, келин сарпосини тайёрлаш, сўзана тикиш, тўй маросимлари, келинни куёв хонадонига кузатиш, "келин салом", "бешик тўйи" каби удумлар ҳамда анъанавий она алласи меҳмонларга тақдим этилди.







