АсосийЖАМИЯТ

Шавкат Мирзиёев АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси делегациясини қабул қилди

Делегация таркибидан конгрессменлар Жейсон Смит, Грег Мерфи, Ронни Жексон ва Эдвард Кейс ўрин олган.

'Шавкат Мирзиёев АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси делегациясини қабул қилди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 25 август куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Делегация таркибидан конгрессменлар Жейсон Смит, Грег Мерфи, Ронни Жексон ва Эдвард Кейс ўрин олган.

Учрашув аввалида америкалик қонун чиқарувчилар Ўзбекистон Президенти ва халқини мамлакат мустақиллигининг 35 йиллиги билан самимий қутлади.

Мулоқотда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар икки томонлама муносабатларда ижобий суръат сақланиб қолаётгани, сиёсий мулоқот юқори даражага кўтарилгани, ўзаро алоқалар ва ташрифлар фаоллашганини мамнуният билан қайд этди.

Шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йил бошидан Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 20 фоизга ошган.

Энергетика, муҳим минераллар, транспорт, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар ва саноат соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи уч йиллик Иқтисодий ҳамкорлик дастури изчил давом эттирилаётгани таъкидланди.

Учрашувда АҚШ Конгрессининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қўллаб-қувватлашдаги ўрни ҳам қайд этилди.

Ҳудудлараро ҳамкорлик масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. АҚШ делегацияси аъзолари вакиллик қилаётган Миссури, Шимолий Каролина, Техас ва Гавайи штатлари билан тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлик билдирилди.

Томонлар минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.

Учрашув якунида ишбилармонлик миссияларининг ўзаро ташрифларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

    Бошқа янгиликлар

    Шавкат Мирзиёев АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси делегациясини қабул қилди - Darakchi.uz