Непалдаги сув тошқинида ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонликлар йўқ — элчихона
Непал ва Тибетда юз берган кучли сув тошқинлари оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари борлиги ҳақида маълумот келиб тушмаган. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси, шунингдек, Непалдаги дипломатик ваколатхона фаолиятини ҳам амалга оширувчи миссия маълумотларига кўра, ҳозирга қадар табиий офат оқибатида ҳалок бўлганлар ёки жабрланганлар орасида ватандошларимиз борлиги ҳақида маълумот аниқланмаган.
Дипломатик ваколатхона Непалнинг тегишли идоралари билан доимий алоқада бўлиб, вазиятни кузатиб бормоқда.
Аввалроқ Reuters Непал ва Хитойнинг Тибет ҳудудидаги ҳалокатли сув тошқинлари оқибатида 1 мингдан ортиқ киши бедарак йўқолганини хабар қилган эди. Непал ҳудудида ҳалок бўлганлар сони 270 нафардан ошгани айтилган. Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.
Маълумотларга кўра, Непалда бедарак йўқолган хорижликлар орасида Ҳиндистон, АҚШ, Украина, Австралия, Буюк Британия, Малайзия, Канада ва бошқа давлатлар фуқаролари бор. Тибетнинг Жирўнг ҳудудида эса 558 киши, жумладан 260 нафар хорижлик бедарак йўқолган. Хитой томони уч киши ҳалок бўлганини маълум қилган.
Фожиа 26 август куни Непал ва Хитойнинг Тибет билан чегарадош ҳудудларида юз берган. Муз, лой ва тош массасининг дарё ўзанига қулаши ортидан кучли сел оқими юзага келиб, йўллар, кўприклар, уй-жойлар ҳамда энергетика инфратузилмасига жиддий зарар етказган.
Айни вақтда Непалда қидирув-қутқарув ишларига минглаб ҳарбий хизматчи ва полиция ходимлари жалб этилган. Қутқарувчилар вертолётлар ёрдамида аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилмоқда, жабрланган ҳудудларга озиқ-овқат, чодир ва бошқа зарур воситалар етказилмоқда.






