Республика ҳудудида ўтказилаётган “Қорадори-2026” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида интернет-наркодўконида администратор ва куратор сифатида фаолият юритган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган гумонланувчи муқаддам Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) ҳамда 278-моддаси (қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ва ўтказиш) билан судланган.
Тезкор тадбир давомида унинг автомашинаси ва яшаш хонадонлари кўздан кечирилган. Натижада 9 килограмм 330 грамм “гашиш” ҳамда 545 грамм “метамфетамин” сақланаётгани аниқланган.
Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, мусодара қилинган гиёҳвандлик воситалари жами 64 минг 817 дозага тенг.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ушбу моддада гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларини ўтказиш мақсадида қонунга хилоф равишда тайёрлаш, қайта ишлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатларни содир этиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш учун жавобгарлик белгиланган.
Бундай жиноий ҳаракатларни содир этган шахслар 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.






