Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети поликлиникаси Ҳиндистон ҳукумати томонидан беғараз ёрдам сифатида тақдим этилган замонавий тиббий техника ва ускуналар билан жиҳозланиб, фойдаланишга топширилди.
Тантанали очилиш маросимида Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети бошлиғининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Фарҳоджон Шерматов, Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Смита Пант, ҳарбий хизматчилар ва фахрийлар иштирок этди.
Тадбир давомида Ҳиндистон томонидан замонавий диагностика ва даволаш ускуналари, ихтисослаштирилган реанимобиль ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳарбий госпиталлари учун тўрт тўплам травматологик жиҳозлар расман топширилди.
Поликлиникага умумий қиймати 500 минг доллар бўлган 49 турдаги 70 дан ортиқ тиббий ускуна етказиб берилган. Улар орасида рақамли рентгенограф, суткалик мониторинг аппарати — Холтер, велоэргометр, УЗИ аппарати, замонавий стоматология ва физиотерапия ускуналари бор.
Янги жиҳозлар ҳарбий хизматчилар, курсантлар ва уларнинг оила аъзоларига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини ошириш, касалликларни эрта аниқлаш ҳамда самарали даволаш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шунингдек, ихтисослаштирилган реанимобиль шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятларини яхшилайди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳарбий соҳадаги ҳамкорлик бошқа йўналишларда ҳам ривожланмоқда. Аввалроқ Ҳиндистон кўмагида университетда ахборот технологиялари ва киберхавфсизлик лаборатория мажмуаси ташкил этилган. Ҳиндистонлик мутахассислар курсантлар ва офицерларни ўқитиш жараёнида ҳам иштирок этмоқда.
Маросим якунида меҳмонлар поликлиникада яратилган янги тиббий имкониятлар билан танишди. Ҳиндистонлик мутахассислар Мудофаа вазирлигининг “Жанговар ҳамдўстликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун” кўкрак нишони ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.






