Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 29 август куни Хавфсизлик кенгаши аппаратининг ҳуқуқий мақомини ўзгартирувчи фармонни имзолади. Энди мазкур аппарат бевосита давлат раҳбарига бўйсунувчи ва унга ҳисобдор алоҳида давлат органи сифатида фаолият юритади. Бу ҳақда Оқўрдага таяниб, маҳаллий ОАВ хабар берди.
"Қозоғистон Республикаси давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" деб номланган фармон Хавфсизлик кенгашининг ўзига эмас, унинг фаолиятини таъминловчи аппаратига тааллуқли.
Хавфсизлик кенгаши Қозоғистонда 1991 йилдан буён фаолият юритиб келади. Аппарат эса кенгашнинг ташкилий ва таҳлилий ишларини таъминлаб, миллий хавфсизлик масалалари бўйича материаллар ва таклифлар тайёрлайди.
Шунингдек, аппарат ички ва ташқи хавф-хатарларни таҳлил қилиш ҳамда Хавфсизлик кенгаши қарорларининг ижросини назорат қилиш билан шуғулланиб келган.
Янги мақомга кўра, аппарат давлат бошқаруви тизимида алоҳида ўринга эга бўлади ва унинг фаолияти бевосита президент назорати остига ўтади.
Ҳозирча янги давлат органининг аниқ тузилмаси, ходимлар сони ва ваколатлари қандай ўзгариши маълум қилинмаган. Шунингдек, фармон муносабати билан кадрлар бўйича қарорлар қабул қилингани ҳақида ахборот берилмаган.






