АсосийСИËСАТ

Мирзиёев ва Моди муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олди

Томонлар икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқиш, савдо ҳажмини 2030 йилга қадар 5 миллиард долларга етказиш ҳамда қатор соҳаларда қўшма лойиҳаларни кенгайтиришга келишиб олди.

'Мирзиёев ва Моди муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олди'ning rasmi

Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув аввалида Нарендра Моди Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистоннинг Мустақиллик куни билан табриклаб, халқимизга тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади.

Музокараларда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, 2025 йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми илк бор 1 миллиард доллардан ошган. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда Ҳиндистон капитали иштирокидаги қўшма корхоналар сони етти баробарга кўпайган. Айни пайтда икки мамлакат ўртасида ҳафтасига 14 та тўғридан тўғри авиарейс амалга оширилмоқда.

Таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам кенгайиб бормоқда. Ҳозирда Ўзбекистонда Ҳиндистоннинг тўртта университети фаолият юритмоқда.

Томонлар савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш имкониятлари мавжудлигини қайд этиб, 2030 йилга қадар ўзаро товар айирбошлашни 5 миллиард долларга етказиш бўйича зарур чораларни кўришга келишиб олди.

Шунингдек, энергетика, электротехника, металлургия, муҳим минераллар, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва заргарлик саноатида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Ҳудудлараро ҳамкорлик масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Андижон вилояти ва Гужарат штати, Фарғона вилояти ва Ҳарьяна штати, Самарқанд вилояти ва Агра ўртасида яқин шериклик алоқалари йўлга қўйилгани қайд этилди.

Маданий-гуманитар соҳада маданият кунлари, концертлар, кўргазмалар, форумлар ва кинофестивалларни мунтазам ўтказиш бўйича келишувга эришилди. Ташриф доирасида маданий алмашинув бўйича беш йиллик дастурни имзолаш кўзда тутилган.

Учрашувда халқаро ва минтақавий кун тартибидаги масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Томонлар БМТ, ШҲТ, BRICS ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.

Музокаралар якунида вазирлик ва идоралар раҳбарларига қўшма лойиҳа ва дастурларни фаол илгари суриш топширилди. Ҳар бир устувор йўналиш бўйича аниқ механизмлар, масъул ижрочилар ва амалга ошириш муддатларини қамраб олган "йўл хариталари" ишлаб чиқилади.

Томонлар ушбу ташриф Ўзбекистон–Ҳиндистон муносабатларини кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

    Бошқа янгиликлар