Президент Шавкат Мирзиёев нефть ва газ тармоғида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди.
Тақдимотда "Ўзбекнефтегаз" фаолиятини такомиллаштириш, табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини ошириш, янги конларни ўзлаштириш ҳамда газ транспорт тизимини ривожлантириш бўйича ишлар кўриб чиқилди.
Маълум қилинишича, жорий йил бошидан бешта янги газ кони очилган. Ҳудудларда 6 минг метргача ва ундан ортиқ чуқурликда 80 та қудуқ бурғиланган. Йилнинг тўртинчи чорагида яна 40 та қудуқни бурғилаш режалаштирилган.
Газ захираларини кўпайтириш мақсадида 3D сейсмик разведка ишлари ҳажмини ўтган йилга нисбатан беш баробар ошириш кўзда тутилган. Айниқса, Устюртнинг чуқур қатламларини ўрганиш ва янги конларни ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, газ транспорт тизимининг ўтказувчанлик қувватини ошириш, янги магистрал газ қувурларини қуриш ва компрессор станцияларини модернизация қилиш лойиҳалари муҳокама қилинди. Уларни амалга ошириш натижасида йилига 125 млн куб метр газни тежаш имкони яратилади.
Тақдимотда "Мустақилликнинг 25 йиллиги" конидаги аварияни бартараф этиш ишлари ҳам кўриб чиқилди. Бу жараёнга Хитойнинг ихтисослашган компанияси жалб қилинган.
Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва корхонани молиявий соғломлаштириш бўйича ишлар ҳам тақдим этилди. Заводда дизель ёқилғиси ишлаб чиқариш 30 фоизга, битум 60 фоизга, авиакеросин эса 5 баробарга оширилган.
Президент геология-қидирув ва бурғилаш ишлари самарадорлигини ошириш, йирик лойиҳаларни аниқ молиялаштириш манбалари асосида амалга ошириш ҳамда тармоқ корхоналари фаолиятида самарадорликни таъминлаш бўйича масъулларга топшириқлар берди.






