АсосийЖАМИЯТ

АҚШ суди Трампнинг туғилиш орқали фуқаролик олишни чеклаш ҳақидаги фармонини тўхтатди

Шу билан бирга, суд федерал идораларга Трамп фармонини амалга ошириш тартибини белгилайдиган йўриқномаларни ишлаб чиқишга рухсат берган.

'АҚШ суди Трампнинг туғилиш орқали фуқаролик олишни чеклаш ҳақидаги фармонини тўхтатди'ning rasmi

АҚШ федерал суди Президент Дональд Трамп маъмуриятининг туғилиш орқали фуқаролик олиш ҳуқуқини чеклашга қаратилган янги фармони ижросини вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Мэриленд штати Гринбелт шаҳридаги федерал судья Дебора Бордман муҳожирлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар мурожаати асосида дастлабки тақиқлов чорасини жорий этган.

Суд қарори Трамп маъмуриятига янги фармон асосида даъво доирасига кирувчи болаларга АҚШ фуқаролигини рад этиш ёки уларнинг фуқаролигини тан олмаслик имконини бермайди.

Дебора Бордманнинг таъкидлашича, АҚШ Олий суди мазкур тоифага кирувчи болаларнинг туғилган пайтидан бошлаб фуқаро ҳисобланиши масаласини аллақачон ҳал қилган. Судья Трампнинг янги фармони ушбу болаларга нисбатан қўлланилган тақдирда, унинг “деярли аниқ конституцияга зид” бўлишини билдирган.

Қарорга кўра, АҚШ Давлат департаменти, Миллий хавфсизлик департаменти ва Ижтимоий таъминот бошқармаси каби федерал идоралар даъво доирасига кирувчи болаларнинг фуқаролигини рад этиши, унга аралашиши ёки уни тан олмаслиги мумкин эмас.

Шу билан бирга, суд федерал идораларга Трамп фармонини амалга ошириш тартибини белгилайдиган йўриқномаларни ишлаб чиқишга рухсат берган.

Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп 6 август куни туғилиш орқали АҚШ фуқаролигини олишни чеклашга қаратилган янги фармонни имзолаган эди. Ҳужжат, хусусан, “туғилиш туризми”, яъни фарзанди автоматик равишда АҚШ фуқаролигини олиши учун аёлларнинг мамлакатга бориб, ўша ерда фарзанд кўриши амалиётига қарши қаратилган.

Фармонга кўра, агар боланинг ота-онасидан бири АҚШда хорижий ҳукумат номидан ишласа, фуқаролик олиш мақсадида фирибгарлик ёки тижорий битимдан фойдаланса ёхуд “душман ажнабий” мақомига кирса, болага АҚШ фуқаролиги берилмаслиги мумкин эди.

    Бошқа янгиликлар

    АҚШ суди Трампнинг туғилиш орқали фуқаролик олишни чеклаш ҳақидаги фармонини тўхтатди - Darakchi.uz