АсосийЖАМИЯТ

Саида Мирзиёева Қатарда “Ўзбекистон: ҳаракатдаги мерос” кўргазмаси очилишида иштирок этди

Тадбир Қатар амири оиласи аъзоси, Қатар музейлари раиси Шайха Ал-Маясса бинт Ҳамад бин Халифа Ол Соний иштирокида ўтказилди.

'Саида Мирзиёева Қатарда “Ўзбекистон: ҳаракатдаги мерос” кўргазмаси очилишида иштирок этди'ning rasmi

Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Қатардаги Ислом санъати музейида ташкил этилган “Ўзбекистон: ҳаракатдаги мерос” кўргазмасининг очилишида иштирок этди. Бу ҳақда у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

Тадбир Қатар амири оиласи аъзоси, Қатар музейлари раиси Шайха Ал-Маясса бинт Ҳамад бин Халифа Ол Соний иштирокида ўтказилди.

Кўргазмада Ўзбекистон музейлари ҳамда Қатар коллекцияларидан жой олган ноёб экспонатлар намойиш этилмоқда. Экспозиция ислом дини тарқалишидан олдинги даврлардан бошлаб, Сомонийлар ва Темурийлар даври ҳамда бугунги кунгача бўлган тарихий босқичларни қамраб олган.

Унда тарихий осори-атиқалар, анъанавий ҳунармандчилик ва тўқимачилик санъати намуналари ўрин олган.

“Бу — Қатар халқи ва унинг меҳмонларини бой тарихимиз ҳамда меросимиз билан яқиндан таништириш учун қулай имконият, шунингдек, Ўзбекистон–Қатар маданий алоқаларини янада ривожлантириш йўлидаги муҳим қадам”, деб ёзди Саида Мирзиёева.

Шу куни Қатарнинг етти нафар ҳунармандининг Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига ижодий сафари натижаларига бағишланган “Ektashif Uzbekistan” кўргазмаси ҳам очилди.

Унда Ўзбекистон маданияти ва анъаналаридан илҳомланган ҳунармандлар томонидан тайёрланган нозик заргарлик буюмлари, қадимий хаттотлик услубидаги ишлар, нафис гиламлар ҳамда ижодий сафар давомида олинган фотосуратлар намойиш этилмоқда.

    Бошқа янгиликлар