АсосийЖАМИЯТ

Айрим ҳудудларда одамни камбағалликдан чиқариш учун 250 миллион сўмдан кредит сарфланган

Йиғилишда ҳудудларга ажратилган кредит ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги туманлар кесимида қиёсий таҳлил қилинди.

'Айрим ҳудудларда одамни камбағалликдан чиқариш учун 250 миллион сўмдан кредит сарфланган'ning rasmi

Қайд этилишича, ўтган даврда Шароф Рашидов ва Қарши туманларига бир хил миқдорда — 2 триллион 300 миллиард сўмдан кредит ресурси ажратилган.

Шароф Рашидов туманида ушбу маблағлар ҳисобидан 30 минг нафар аҳоли камбағалликдан чиқарилган. Бу ерда бир нафар фуқарога ўртача 78 миллион сўмдан тўғри келган.

Қарши туманида эса 13 минг нафар эҳтиёжманднинг шароити яхшиланган бўлиб, ҳар бир киши ҳисобига ўртача 176 миллион сўм сарфланган.

Шунингдек, Қамаши ва Пискент туманларига ҳам бир хил — 1 триллион 100 миллиард сўмдан кредит берилган. Бироқ Қамашида 28 минг нафар, Пискентда эса атиги 4,5 минг нафар камбағал аҳоли ушбу тоифадан чиқарилган.

Йиғилишда Ғузор, Нишон, Муборак, Янгиқўрғон, Тойлоқ, Бойсун, Олтинсой, Бандиҳон, Бешариқ ва Фарғона туманлари, шунингдек, Нурафшон, Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилаётгани айтилди.

Хусусан, Пискент туманида бир нафар инсонни камбағалликдан чиқариш учун ўртача 250 миллион сўм кредит сарфланаётгани қайд этилди. Ваҳоланки, бошқа ҳудудларда шунча маблағ эвазига саноат соҳасида юқори даромадли доимий иш ўрни яратилаётгани кўрсатиб ўтилди.

Давлат раҳбари айрим ҳудуд раҳбарларини қўлидаги тайёр ресурслардан самарали фойдаланиб, аҳолини ишли қилишга билими ёки тоқати етмаётгани учун танқид қилди.

Уларнинг замонавий иқтисодиётдаги тебранишлар ва тезкор ўзгаришларни тўғри англамаётгани таъкидланди.

Маълум қилинишича, ҳудудларда сўнгги бир йилда ташкил этилган 86 мингта кичик корхонанинг 15 мингтаси, яъни 17 фоизи фаолиятини тўхтатган.

Шунингдек, банклардан кредит олиб, бизнесини йўлга қўя олмаган 62 минг нафар фуқаро кредит маблағларини қайтаришда қийналаётгани қайд этилди.

Йиғилишда бу ҳолатнинг асосий сабабларидан бири сифатида атиги 1 мингта маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла банкири «лойиҳавий ёндашув» асосида ишлашни билиши кўрсатилди.

    Бошқа янгиликлар

    Айрим ҳудудларда одамни камбағалликдан чиқариш учун 250 миллион сўмдан кредит сарфланган - Darakchi.uz