АсосийЖАМИЯТ

Норвегия Украина талаби билан Россия кемасини ҳибсга олди

2023 йил апрель ойида Гаагадаги арбитраж суди Россияни “Нафтогаз”га 4,22 миллиард доллар, шунингдек, фоизлар ва юридик харажатларни тўлашга мажбур қилган.

'Норвегия Украина талаби билан Россия кемасини ҳибсга олди'ning rasmi

Норвегия Украинага қарашли “Нафтогаз” давлат энергетика компаниясининг Россиядан 4,22 миллиард доллар миқдорида компенсация ундириш талаби доирасида Россиянинг “Профессор Молчанов” кемасини ҳибсга олди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Маълум қилинишича, Россия кемаси Норвегиянинг Арктикадаги Свалбард архипелагида жойлашган Барентсбург портида ушлаб қолинган. Норд-Тромс ва Сеня туман суди 31 август куни кемани ҳибсга олишга рухсат берган.

Суд қарорiga кўра, кема алоҳида кўрсатма берилгунга қадар Барентсбург портида лангар ташлаб туриши керак.

Мазкур қарор “Нафтогаз”нинг 2014 йилда Россия Қримни аннексия қилганидан сўнг компанияга тегишли активлар тортиб олингани учун компенсация ундириш ҳаракатлари доирасида қабул қилинган.

2023 йил апрель ойида Гаагадаги арбитраж суди Россияни “Нафтогаз”га 4,22 миллиард доллар, шунингдек, фоизлар ва юридик харажатларни тўлашга мажбур қилган.

“Профессор Молчанов” кемаси экспедиция ва илмий-тадқиқот сафарлари, шунингдек, тижорий круизлар учун фойдаланилади. Кема ҳибсга олинган вақтда унинг бортида россиялик олимлар бўлган. Улар ва экипаж аъзолари ҳибсга олинмаган.

“Нафтогаз” Россия компенсацияни тўламагани сабабли унинг активларини бошқа давлатларда ҳам ундиришга уринмоқда. Компания АҚШ, Франция, Буюк Британия ва Финляндияда Россияга тегишли активларни ҳибсга олиш бўйича чоралар кўрган.

Россия томони Норвегиянинг кемани ҳибсга олиш қарорини кескин танқид қилиб, бу ҳаракатни “қароқчилик” деб атаган ва қарор устидан шикоят қилмоқда.

Норвегия ҳукумати эса мазкур ҳолат “Нафтогаз” ва Россия ўртасидаги ҳуқуқий низо эканини, Осло маъмурияти ушбу ишга томон сифатида аралашмаганини билдирган.

    Бошқа янгиликлар

    Норвегия Украина талаби билан Россия кемасини ҳибсга олди - Darakchi.uz