АсосийЖАМИЯТ

Тошкентдаги Глинка кўчасида йўлнинг ўприлишига нима сабаб бўлгани аниқланмоқда

Ҳозирда ҳодиса жойида тегишли ташкилотлар ва соҳа мутахассислари иш олиб бормоқда.

'Тошкентдаги Глинка кўчасида йўлнинг ўприлишига нима сабаб бўлгани аниқланмоқда'ning rasmi

Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги Глинка кўчасида йўл қопламасининг бир қисми шикастланиб, бир киши енгил тан жароҳати олди. Ҳодиса сабаблари ҳозирда аниқланмоқда. Бу ҳақда Яккасарой тумани ҳокимлиги хабар берди.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда Глинка кўчасида йўлнинг бир қисми ўприлиб кетгани акс этган видеолар тарқалган. Ҳодиса Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан назоратга олинган.

Жабрланган шахсга ҳодиса жойида тез тиббий ёрдам кўрсатилган. Шунингдек, хавфсизлик чоралари сабабли кўчада автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилган.

Ҳокимлик маълумотига кўра, бундан бир муддат аввал мазкур ҳудудда эскирган муҳандислик тармоқлари янгиланиб, қувурлар алмаштирилган. Янги қувурларнинг мустаҳкамлиги ва ишлаш ҳолати ҳам синовдан ўтказилган. Бироқ ушбу муҳандислик тармоғи ҳали фойдаланишга топширилмаган.

Ҳозирда ҳодиса жойида тегишли ташкилотлар ва соҳа мутахассислари иш олиб бормоқда. Улар йўл қопламасининг шикастланиши сабабларини аниқлаш ва оқибатларни бартараф этиш чораларини кўрмоқда.

Шунингдек, "Veolia Energy Tashkent" мутахассислари ҳам масъул идоралар билан биргаликда ҳодиса жойидаги иссиқлик камерасини кўздан кечирган.

Компания маълум қилишича, техник кўрик натижасида иссиқлик таъминоти қувурлари бутун ва шикастланмагани аниқланган. Жорий йилда ётқизилган узунлиги 1240 метр бўлган магистрал қувур ҳозирча бўш ҳолатда, яъни унда сув ва босим мавжуд эмас.

Шу муносабат билан компания ҳодиса иссиқлик таъминоти тармоқларининг эксплуатацияси ёки улардаги узилишлар билан боғлиқ эмаслигини билдирган. Айни пайтда ҳудудда иссиқ сув етказиб бериш штат режимида амалга оширилмоқда.

    Бошқа янгиликлар