АсосийСИËСАТ

Мирзиёев Жоржа Мелонига мактуб йўллади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Италия Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Жоржа Мелонига мактуб йўллади.

'Мирзиёев Жоржа Мелонига мактуб йўллади'ning rasmi

Давлат раҳбари Жоржа Мелонини Италия ҳукумати раҳбари лавозимида шу вақтга қадар энг узоқ муддат фаолият юритган бош вазир сифатида тарихдан муносиб ўрин олгани билан самимий муборакбод этди.

Президент ушбу натижа Жоржа Мелонининг сиёсий иродаси, қатъияти ва давлатчилик масъулиятини чуқур ҳис этишига Италия халқи томонидан билдирилган юксак ишончнинг яққол тасдиғи эканини таъкидлади.

Шунингдек, Италиянинг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатнинг Европа Иттифоқи ва халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлаш борасида Мелони олиб бораётган саъй-ҳаракатлар эътироф этилди.

Шавкат Мирзиёев Италия ҳукумати раҳбарининг Ўзбекистонга нисбатан дўстона муносабати ҳамда икки давлат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга қаратаётган эътибори учун миннатдорлик билдирди.

Мактубда Ўзбекистон Италия билан ўрнатилган стратегик шериклик муносабатларини юксак қадрлаши қайд этилди. Сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, маданий-гуманитар алоқалар изчил ривожланиб, икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилаётгани таъкидланди.

Президент мактуб сўнгида Жоржа Мелонига мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат ва давлатчилик фаолиятида улкан муваффақиятлар, дўст Италия халқига эса тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилади. 

    Бошқа янгиликлар