Ўзбекистонда август ойида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 321 та ҳолат аниқланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ҳолатлар оқибатида 71,9 млрд сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинган. Бу ҳақда Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси хабар берди.
Маълум қилинишича, назорат тадбирлари давомида 19 млн киловатт-соат электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Бунинг натижасида 40,7 млрд сўмлик зарар ҳисобланган.
Шунингдек, истеъмолчилар томонидан 10 млн куб метр табиий газдан ноқонуний фойдаланилгани маълум бўлган. Мазкур ҳолатлар бўйича 31,2 млрд сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Бундан ташқари, энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ 340 та маъмурий иш расмийлаштирилган.
Таққослаш учун, август ойида аниқланган 71,9 млрд сўмлик зарар январь ойидаги кўрсаткичдан 7,1 млрд сўмга кам. Хусусан, январь ойида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш оқибатида 79 млрд сўмлик зарар аниқланган.
Шундай қилиб, август ойидаги кўрсаткич йил бошидаги натижага нисбатан қарийб 9 фоизга пасайган.






