АсосийЖАМИЯТ

Урганч аэропортидан Хивага янги тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилди

7055-сонли поезд Урганч аэропортидан Хивагача бўлган 45,9 километр масофани 47 дақиқада босиб ўтади.

'Урганч аэропортидан Хивага янги тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилди'ning rasmi

Урганч аэропорти ва Хива шаҳри ўртасида йўловчилар учун янги тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилди. Энди йўловчиларга Хитойда ишлаб чиқарилган CR200J русумли электропоезд хизмат кўрсатади. Бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари" хабар берди.

Маълум қилинишича, Хитойнинг "CRRC Dalian Co., Ltd." компанияси томонидан ишлаб чиқарилган поезд 6 та вагондан иборат бўлиб, 415 нафар йўловчини ташишга мўлжалланган. Унинг максимал ҳаракат тезлиги соатига 160 километрни ташкил этади.

Поезд вагонларида "Econom" тоифасидаги замонавий ўриндиқлар, ҳар бир ўриндиқ учун USB қувватлаш қурилмалари ҳамда ҳаво ҳароратини меъёрда ушлаб турувчи иқлим назорати тизими ўрнатилган.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган йўловчилар учун махсус жойлар ҳам ажратилган.

7055-сонли "Урганч Аэровокзал – Хива" поезди ҳар куни қуйидаги вақтларда ҳаракатланади:

— Урганч Аэровокзал – 08:40;
— Урганч – 08:59–09:02;
— Хива – 09:22.

7058-сонли "Хива – Урганч Аэровокзал" поезди эса қуйидаги жадвал асосида ҳаракат қилади:

— Хива – 21:00;
— Урганч – 21:20–21:23;
— Урганч Аэровокзал – 21:42.

7055-сонли поезд Урганч аэропортидан Хивагача бўлган 45,9 километр масофани 47 дақиқада босиб ўтади. Урганч вокзалида 3 дақиқа тўхтайди.

Қайтиш йўналишидаги поезд эса Хивадан Урганч орқали аэропортга 42 дақиқада етиб боради. Хусусан, у Хивадан 21:00 да йўлга чиқиб, 21:42 да Урганч аэропортига етиб келади.

Урганч ва Хива шаҳарлари ўртасидаги 33 километр масофа эса 20 дақиқада босиб ўтилади.

Қайд этилишича, катталар учун чипта нархи 25 минг сўм, болалар учун эса 14 минг сўм этиб белгиланган. Чипталарни электрон платформа орқали харид қилиш мумкин.

    Бошқа янгиликлар