Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдоров Ҳиндистоннинг Бангалор шаҳрида ўтказиладиган нуфузли Tech Mahindra Global Chess League жамоавий турнирида қозоғистонлик шахматчи Бибисора Ассаубаева билан бир жамоада иштирок этади. Бу ҳақда Ассаубаева ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди.
Қозоғистон терма жамоаси етакчиларидан бири ижтимоий тармоқларда жамоадошлари билан тушган суратларни эълон қилди. Ушбу жамоа таркибидан Жавоҳир Синдоровдан ташқари россиялик гроссмейстер Даниил Дубов, ҳиндистонлик Нихал Сарин, эронлик Сара Хадем ва франциялик Марк-Андриа Морицци ҳам ўрин олган.
Шахматчилар мусобақа давомида кийиладиган жамоа либосларида фотосессияда иштирок этган.
Tech Mahindra Global Chess League 5 сентябрдан 13 сентябрга қадар давом этади. Мусобақада шахмат оламининг бир қатор машҳур вакиллари иштирок этади. Жамоалар умумий ҳисобда 1 миллион долларлик соврин жамғармаси учун баҳс олиб боради.






