АсосийЖАМИЯТ

Тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизими ўзгаради

Давлат рўйхатидан ўтиш 2027 йилдан ихтиёрий, 2030 йилдан эса мажбурий тартибда жорий этилиши таклиф қилинмоқда.

'Тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизими ўзгаради'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш, мутахассисларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда узлуксиз касбий таълим тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Тақдимотда тиббий таълимни назарий билим беришдан амалий кўникма ва компетенцияларни шакллантиришга йўналтириш, таълим дастурларини халқаро стандартларга мослаштириш ва мутахассисларнинг малакасини холис баҳолашга қаратилган чоралар кўриб чиқилди.

Янги тартибга кўра, тиббиёт олийгоҳларига қабул параметрлари ҳудудлар ва тиббиёт муассасаларининг реал эҳтиёжи ҳамда кадрлар етишмовчилигидан келиб чиқиб белгиланади. Давлат буюртмаси йўналишлар кесимида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланади.

2027/2028 ўқув йилидан “Даволаш иши” йўналиши ўрнига 6 йиллик “Умумий тиббиёт” бакалавриат дастурини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бунда беш йиллик таълимдан сўнг талабалар бир йил давомида тўлиқ амалий тайёргарликдан ўтади. Дастурни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга оилавий шифокор сифатида ишлаш имконияти берилади.

Оилавий тиббиёт бўйича кадрлар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Резидентлар оилавий поликлиникаларда ўқиш билан бир вақтда амалиёт ўтайди. Тор мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш босқичма-босқич резидентурага ўтказилади, магистратура эса асосан илмий-педагогик кадрлар тайёрлашга йўналтирилади.

Ўрта тиббиёт кадрларини тайёрлашда ҳам янги ёндашувлар жорий этилади. Олий маълумотли ҳамшираларнинг ташхис қўйиш, даволаш ва профилактика жараёнларида шифокорга яқин кўмакчи сифатидаги ваколатлари кенгайтирилади.

Фармацевтика таълими ишлаб чиқариш билан янада яқинлаштирилади. Корхоналар эҳтиёжидан келиб чиқиб дуал таълим кенгайтирилиб, талабаларни дори воситаларини ишлаб чиқиш, сифат назорати ва стандартлаштириш жараёнларига жалб этиш белгиланмоқда.

Шунингдек, тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизими жорий этилади. Бунинг учун барча мутахассисларни қамраб оладиган ягона электрон реестр шакллантирилади. Реестр 16 та ахборот базаси билан интеграция қилиниб, мутахассиснинг таълими, малакаси ва касбий фаолиятига оид маълумотларни бир жойда жамлайди.

Давлат рўйхатидан ўтиш 2027 йилдан ихтиёрий, 2030 йилдан эса мажбурий тартибда жорий этилиши таклиф қилинмоқда. Кейинчалик рўйхатдан ўтмаган мутахассисга тиббий ёки фармацевтик фаолият билан шуғулланишга рухсат берилмайди.

Мутахассисларнинг билим ва амалий тайёргарлиги мустақил баҳоланади. Баҳолаш фундаментал ва клиник фанлар, кейин эса мутахассислик бўйича босқичма-босқич ўтказилади. Ягона тест ва топшириқлар банки ҳамда замонавий симуляцион базалар ташкил этилади. Имтиҳондан ўта олмаган мутахассисларга қайта топшириш имконияти берилади.

Янги тизимга эртароқ ихтиёрий равишда қўшилган ходимлар рағбатлантирилади. Имтиҳондан муваффақиятли ўтиб, давлат рўйхатига киритилган олий маълумотли шифокор ва фармацевтика ходимларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 бараваригача, ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларига эса 2,5 бараваригача устама тўлаш таклиф этилган.

Бундан ташқари, тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун узлуксиз касбий таълимнинг янги тизими жорий этилади. Олий маълумотли мутахассислар ҳар йили камида 50 кредит, ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари эса 28 кредит тўплаши белгиланмоқда.

Мутахассислар таълим провайдери, дастур ва ўқиш шаклини мустақил танлаши мумкин бўлади. Анъанавий ва масофавий таълим, онлайн курслар, иш жойида малака ошириш, семинар ва тренинглар каби шакллардан фойдаланилади.

Халқаро аккредитациядан ўтган хорижий дастурларда олинган кредитларни Ўзбекистонда тан олиш механизми ҳам йўлга қўйилади.

Касбий таълим дастурларида аҳоли орасида энг кўп учрайдиган ва ўлим хавфи юқори бўлган касалликларга устувор эътибор қаратилади. Хусусан, кардиология, шошилинч тиббий ёрдам ва онкология йўналишларида хорижий ҳамкорлар билан замонавий ўқув дастурлари ишлаб чиқилади.

Президент тиббий таълим, мустақил баҳолаш, давлат рўйхатидан ўтказиш ва узлуксиз касбий ривожланишни ўзаро боғланган ягона тизим сифатида шакллантириш муҳимлигини таъкидлади.

Масъулларга янги тартибларни босқичма-босқич жорий этиш, халқаро стандартларни кенг татбиқ қилиш ҳамда ислоҳотларнинг асосий мақсади тиббий хизмат сифати ва беморлар хавфсизлигини оширишдан иборат бўлишини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди.

    Бошқа янгиликлар

    Тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизими ўзгаради - Darakchi.uz