Қирғизистон сўнгги 50 йилда ўрмон қопламининг қарийб 90 фоизини йўқотган. Бу ҳақда мамлакатнинг 2035 йилгача мўлжалланган Миллий мослашув режаси лойиҳасида маълум қилинган.
Ҳужжатда қайд этилишича, ўрмонларнинг қисқариши нафақат экологик муаммони келтириб чиқармоқда, балки сел ва кўчки хавфининг ортиши, сув ҳавзалари ҳолатининг ёмонлашиши ҳамда йўл, кўприк ва қишлоқ хўжалиги ҳудудларига етказиладиган зарарнинг кўпайишига ҳам сабаб бўлмоқда.
Мутахассислар ўрмонлар ва тоғ экотизимларини мамлакатнинг табиий инфратузилмаси сифатида баҳолаган. Улар тоғ ёнбағирларини мустаҳкамлайди, сув оқимини тартибга солади ва кучли ёғингарчиликларнинг вайронкор таъсирини камайтиради.
Миллий режага кўра, 2035 йилга қадар деградацияга учраган сув ҳавзалари, ёнбағирлар ва ўрмон ҳудудларининг камида 150 минг гектарини тиклаш ёки барқарорлаштириш режалаштирилган.
Шунингдек, устувор сув ҳавзаларининг камида 60 фоизида ўрмонларни тиклаш, ёнбағирларни мустаҳкамлаш ва табиатга асосланган бошқа чораларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Сел ва кўчки хавфи юқори бўлган ҳудудларда янги объектларни қуришда эса атрофдаги экотизимлар ҳолатини инобатга олиш таклиф қилинган. Бундай ҳудудларда лойиҳа бошланишидан олдин экотизимнинг табиий ҳимоя буфери баҳоланиши керак бўлади.
2035 йилга қадар заиф тоғ ва ўрмон экотизимларининг камида 80 фоизини мониторинг билан қамраб олиш, устувор ҳудудларда эса экотизимларни тиклаш бўйича камида 40 та намунавий майдон ташкил этиш режалаштирилган.






