Тадбирда давлат раҳбари йиғилганларни Мустақиллик байрами билан самимий табриклаб, мамлакат тараққиётида халқнинг фидокорона меҳнати ҳал қилувчи аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
“35 йил – тарих учун жуда қисқа давр. Лекин ортда қолаётган йиллар ўзининг кўлами, ютуқ ва натижалари билан асрга татигулик давр бўлди, десак, асло муболаға бўлмайди”, деди Шавкат Мирзиёев.
Президентнинг қайд этишича, сўнгги ўн йилда мамлакатга 160 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция кириб келган. Шу даврда иқтисодиёт ҳажми 2,5 баробардан зиёд ошган. Жорий йил якунига қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини 180 миллиард доллардан ошириш мақсад қилинган.
Шунингдек, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида 5 миллион 700 мингта доимий иш ўрни яратилгани таъкидланди.
Давлат ва хусусий сектор иштирокида 1,5 миллион ўринли мактаблар, 342 минг ўринли мактабгача таълим ташкилотлари ҳамда 62 минг ўринли шифохоналар барпо этилган. 83 минг километр ички йўл қурилган ва таъмирланган. 8 миллион аҳоли яшайдиган хонадонга илк бор марказлашган ичимлик суви етказиб берилган, яна 11,5 миллион аҳолининг сув таъминоти яхшиланган.
Сўнгги ўн йилда 650 минг оила янги уй-жойга эга бўлган.
“Янги Ўзбекистоннинг энг катта натижаси бу ўзгарган инсон, ўз кучига ишонган фуқаро, эртанги кунга дахлдорлигини ҳис қилаётган жамиятдир”, деди Президент.
Тадбирда ана шу ўзгаришларга муносиб ҳисса қўшаётган 558 нафар ватандош Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирлангани маълум қилинди.
Мукофотланганлар орасида турли соҳаларда кўп йиллар самарали меҳнат қилган фидойи инсонлар бор.
Хоразм вилоятида кўп йиллар давомида бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшган ва бугун нуронийларга бошчилик қилаётган Рустам Султонов, Сурхондарёда чўлларни ўзлаштириш ва деҳқончиликни ривожлантиришга умрини бағишлаган меҳнат фахрийси Абдусаттор Қурбонов ҳам давлат мукофотига сазовор бўлди.
Бекобод металлургия комбинатида узоқ йиллардан буён пўлат эритувчи бўлиб ишлаб келаётган Ғуломжон Туроновга “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими” фахрий унвони берилди.
Пахтачилик ва ғаллачиликда юқори натижаларга эришиб, ўз мактабини яратган наманганлик Илҳом Зиёвуддинов, пиллачиликда юқори ҳосил олаётган бухоролик Жамила Худойбердиева, чорвачиликда илғор технологияларни жорий этиб, наслчиликни ривожлантираётган қорақалпоғистонлик Эсенбай Айтимуратов ҳамда сув йўқотишларини камайтириш ва энергия тежамкор тизимларни жорий этишга ҳисса қўшаётган самарқандлик ирригатор Асланқул Каримқуловнинг меҳнати ҳам муносиб эътироф этилди.
Шавкат Мирзиёев мукофотланганларнинг ҳар бири юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлаб, уларга миннатдорлик билдирди.
“Ҳар бирингизнинг машаққатли меҳнат йўлингиз, эришган ютуқларингиз, юртимиз тараққиётига қўшаётган муносиб ҳиссангизни жуда яхши биламан”, деди давлат раҳбари.
Маросим якунида Президент Шавкат Мирзиёев давлат мукофотларини уларнинг эгаларига тантанали равишда топширди.






