Чироқчида мактаб директори қўшимча дарс соатларини ажратиш учун пора олмоқчи бўлиб, икки йилга қамалди
Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги мактаблардан бирининг директори ўқитувчига қўшимча дарс соатлари ажратиб бериш эвазига пул талаб қилгани учун икки йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда суд ҳужжатлари маълумотларига таяниб, “Darakchi.uz” хабар берди.
Маълум бўлишича, фуқаро 2022 йил июнь ойидан буён тумандаги умумтаълим мактабларидан бирида директор лавозимида ишлаб келган.
2026 йил май ойида мазкур мактабда фаолият юритувчи фан ўқитувчиси 2026/2027 ўқув йилида унга кўпроқ дарс соати ажратилишини сўраб, директорга мурожаат қилган.
Директор дастлаб бу таклифга рози бўлмаган. Бироқ ўқитувчига 1000 АҚШ доллари берса, қўшимча дарс соатларини ажратиш масаласини ҳал қилиб беришини айтган. Ўқитувчи оилавий шароитини тушунтирганидан сўнг раҳбар пул миқдорини 700 долларга туширган.
Шундан сўнг ўқитувчи директорнинг уйига бориб, унга аванс сифатида 50 доллар берган ва ҳолат ҳақида Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Чироқчи тумани бўлимига хабар берган.
Мурожаат асосида тезкор тадбир ўтказилиб, мактаб директори ушланган.
Суд мажлисида директор пулни дарс соатларини кўпайтириш эвазига эмас, қарз сифатида олганини билдириб, ўзини енгил жазолашни сўраган.
Бироқ суд уни Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисмида назарда тутилган пора олиш жиноятини содир этганликда айбдор деб топган.
Унга икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, суд қарори билан у икки йил давомида таълим муассасаларида раҳбарлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.






