Чехия пойтахти Прага шаҳрида телефонга қараб юрган 7 ёшли бола метро рельсига тушиб кетди. Уни поезд етиб келишидан бир неча сония олдин йўловчилар қутқариб қолган. Бу ҳақда Чехия Республикаси полицияси хабар берди.
Ҳодиса 2 сентябрь куни, ўқув йилининг биринчи кунида, тахминан соат 18:00 да Прагадаги “Музеум” метро бекатида содир бўлган.
Полиция маълумотига кўра, оила аъзоси билан бирга бўлган бола телефонига қараб кетаётгани сабабли перрон четида эканини сезмай қолган. У бир зумда рельслар устига тушиб кетган.
Шу пайтда хорижлик йўловчилардан бири болага ёрдам бериш учун рельсга сакраган. Бошқа йўловчилар ҳам унга кўмаклашиб, болани бир неча сония ичида перронга олиб чиққан.
Боланинг ҳаётини сақлаб қолишда перрондаги фавқулодда тўхтатиш тугмасининг босилгани ҳам муҳим аҳамият касб этган. Бу орқали яқинлашаётган поезд ҳаракатини тўхтатишга эришилган.
Воқеа жойига полиция ва тез тиббий ёрдам ходимлари етиб келган. Бола енгил жароҳатлар билан шифохонага олиб кетилган.
Чехия полицияси воқеадан сўнг ота-оналар ва болаларни метро ҳамда темирйўл ҳудудларида телефон ёки қулоқчиндан фойдаланишда эҳтиёт бўлишга чақирди.
“Бир неча сониялик эътиборсизлик ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин”, дея огоҳлантирди полиция.






