АсосийДУНË

Непалда қутқарувчиларга 500 дан ортиқ муҳандис WhatsApp орқали ёрдам бермоқда

Бу маълумотлар уларнинг сўнгги бор қаерда бўлганини аниқлаш учун телекоммуникация идораларига етказилмоқда.

'Непалда қутқарувчиларга 500 дан ортиқ муҳандис WhatsApp орқали ёрдам бермоқда'ning rasmi

Непалда 26 август куни Тришули водийсида юз берган кучли сел оқибатларини бартараф этиш ва гидроэлектр станциялари туннелларида қолиб кетганларни қидириш ишларига 500 дан ортиқ муҳандис жалб қилинди. Мутахассислар қутқарувчиларга WhatsApp орқали реал вақт режимида техник маълумот ва тавсиялар бермоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Муҳандислар гуруҳи фалокатдан аввал тузилган. Селдан кейин унга яна кўплаб мутахассислар қўшилган. Улар қутқарувчиларга гидроэлектр станцияларининг туннел схемалари, техник чизмалари, кириш йўллари ва иншоотларнинг тузилиши ҳақида маълумот юбормоқда.

Қайд этилишича, олтита гидроэлектр станциясида қарийб 900 киши бедарак йўқолган. Уларнинг айримлари сел вақтида туннелларга кирган ёки ўша ерда ишлаган бўлиши мумкин. Айниқса, Чилиме ва Расувагадхи гидроэлектр станцияларида одамлар тирик қолган бўлиши мумкин бўлган туннелларни текширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Фалокат Тришули водийсидаги йирик ҳудудни сув, лой ва тош остида қолдирган. Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, водийга тахминан 2,2 миллион тонна лой ва турли чиқиндилар оқиб келган. Бу эса туннелларнинг ташқи кўриниши ва ички тузилишига ҳам жиддий таъсир кўрсатган.

Шу сабабли қутқарувчилар айрим туннелларнинг қаерда жойлашганини аниқлашда ҳам қийинчиликка дуч келмоқда. WhatsApp гуруҳидаги муҳандислар эса иншоотларнинг аввалги ҳолатига оид чизмаларни юбориб, қутқарувчиларга туннелларга кириш ва ҳаракатланиш йўналишини белгилашда ёрдам бермоқда.

Масалан, Расувагадхи гидроэлектр станциясида қутқарувчилар туннеллардан бирининг 250 метр қисмигача етиб борган, бироқ йўлни лой ва чиқиндилар тўсиб қолган. Мутахассислар ушбу иншоотда 46 нафаргача одам махсус хонада қолиб кетган бўлиши мумкинлигини айтмоқда. У ерда озиқ-овқат ва сув бўлиши эҳтимоли бор.

Юқори Тришули-3А гидроэлектр станциясида эса туннелга олиб борувчи кириш қисми қарийб олти кундан кейин очилган. Қутқарувчилар эҳтимолий тирик қолганларга кислород етказиб бериш мақсадида айрим бўшлиқларга қувурлар орқали ҳаво юборишга ҳам уринмоқда.

Муҳандислардан иборат WhatsApp гуруҳида бедарак йўқолган ишчиларнинг исмлари ва телефон рақамлари ҳам тарқатилмоқда. Бу маълумотлар уларнинг сўнгги бор қаерда бўлганини аниқлаш учун телекоммуникация идораларига етказилмоқда.

Непалдаги фалокат оқибатида 1 200 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 4 мингдан зиёд одам бедарак йўқолган. Селнинг музлик қулашидан кейин юзага келгани айтилмоқда. Табиий офат мамлакатнинг электр энергияси ишлаб чиқариш қувватининг қарийб 10 фоизига ҳам зарар етказган.

Ҳозирча туннелларда тирик қолганлар аниқлангани ҳақида маълумот берилмаган. Шунга қарамай, қутқарувчилар гидроэлектр станциялари ҳудудида қидирув ишларини давом эттирмоқда.

    Бошқа янгиликлар

    Непалда қутқарувчиларга 500 дан ортиқ муҳандис WhatsApp орқали ёрдам бермоқда - Darakchi.uz