Россия фуқаролари мамлакатда бензин танқислиги сақланиб қолишига “тайёр бўлиши” керак. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин 3 сентябрь куни Шарқий иқтисодий форумда маълум қилди.
Путиннинг сўзларига кўра, Украина томонидан Россиядаги нефтьни қайта ишлаш заводларига берилаётган зарбалар мамлакатда ёнилғи ишлаб чиқариш ҳажмининг кескин қисқаришига сабаб бўлган.
Россия раҳбари расмийлар энергетика инфратузилмасига қилинган ҳужумларга тайёр бўлмаганини тан олди.
“Биз бу объектларни соф фуқаролик объектлари деб ҳисоблаганмиз ва ҳатто қуролли низо шароитида ҳам улар ҳужум нишонлари бўлмаслиги керак, деб ўйлаганмиз. Бироқ бу борада адашдик. Афсуски, душманимиз бошқача фикрда экан”, деди Путин.
Форум модератори Россия аҳолиси бензин танқислигига кўникиши керакми, деб сўраган. Путин эса мамлакат “ҳар қандай ҳолатга тайёр бўлиши керак”лигини айтди.
“Биз ҳар қандай нарсага тайёр бўлишимиз керак. Фақат бизнинг тайёргарлигимизгина бизга зарар етказмоқчи бўлганларни буни қилмаслик маъқулроқ эканини англатиши мумкин”, деди Россия Президенти.
Унинг таъкидлашича, Россия нефтьни қайта ишлаш заводларига берилган зарбаларга “кўзгудек жавоб беришга мажбур”. Путин бу жавоб “салмоқли бўлганини” айтди.
Россия раҳбари нефть компаниялари ҳам ўз объектларини мустақил ҳимоя қилиш чораларини кучайтиргани ва шикастланган заводларни босқичма-босқич тиклаётганини билдирди.
“Ўйлайманки, қолган 10 фоизни ҳам яқин орада тиклаймиз. Махсус ҳарбий операция давом этар экан, ягона жавоб бор — ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлаш”, деди Путин.
Маълумотларга кўра, 2026 йил бошидан бери Украина дронлари Россиядаги нефтьни қайта ишлаш заводларига камида 70 марта зарба берган. Бу Россияда нефтьни қайта ишлаш ҳажмини сўнгги 20 йилдаги энг паст даражага туширган.
Август ойи охирига келиб Россияда бензин ишлаб чиқариш ички истеъмолнинг тахминан 70 фоизини қоплаган. Ёнилғи тақчиллиги кунига қарийб 30 минг тоннани ташкил этган.
Айрим маълумотларга кўра, Россиянинг камида 17 та ҳудудида бензин сотишга турли чекловлар жорий этилган. Улар орасида бир автомобилга 30–40 литрдан ортиқ бензин қуйишни тақиқлаш, шунингдек, АЁҚШларда автомобилларнинг давлат рақамидаги жуфт ва тоқ сонларга қараб ёнилғи сотиш каби чоралар бор.
Август ойида дронлар ҳужумлари сабаб Россиядаги камида 7 та нефтьни қайта ишлаш заводи ишлаб чиқаришни тўлиқ ёки қисман тўхтатган.
2 сентябрь куни Ленинград вилоятида жойлашган Россиядаги энг йирик нефтьни қайта ишлаш корхоналаридан бири — “КИНЕФ” заводи ҳам нефтьни қайта ишлашни тўлиқ тўхтатган.
Бензин тақчиллигини қоплаш мақсадида Россия расмийлари денгиз орқали хориждан бензин импорт қилишни ҳам бошлаган. Мамлакат Ҳиндистон, Марокаш ва Туркиядан ёнилғи харид қилмоқда. Шунингдек, Беларусдан бензин хариди ҳам рекорд даражага етгани хабар қилинган.






