Латвияда Украинага қарши урушда қатнашayotgan Россия ҳарбийларини молиялаштиришда айбланган аёл 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Латвия судлари маъмурияти хабар берди.
Маълум қилинишича, 7 октябрь куни Рига шаҳар суди Резекне шаҳрида яшовчи аёлга нисбатан ҳукм чиқарган. У асосий жазодан ташқари, яна 3 йил пробация назоратида бўлади.
Суд маълумотларига кўра, аёл Украинада жанг қилаётган Россия ҳарбийлари учун тахминан 43 евро миқдорида хайрия қилган.
Суд унинг ҳаракатлари Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий мустақиллигига қарши қаратилганини, шунингдек, Латвия учун мажбурий бўлган халқаро ҳуқуқ нормаларига зид эканини қайд этган.
Ҳукмда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Уставининг 2-моддаси 4-бандига ҳам таянилган. Ушбу банд давлатларни халқаро муносабатларда бошқа давлатнинг ҳудудий яхлитлиги ёки сиёсий мустақиллигига қарши куч ишлатишдан тийилишга чақиради.
Латвия Давлат хавфсизлик хизмати мазкур иш бўйича жиноят ишини 2025 йил 25 ноябрда қўзғатган. Камлёва эса 2 декабрь куни қўлга олинган. Унинг Резекне шаҳри ва Прейли муниципалитетидаги икки манзилида тинтув ўтказилган.
Суд ҳукмига кўра, аёлни қамоқда сақлаш эҳтиёт чораси ҳукм қонуний кучга киргунига қадар ўзгаришсиз қолдирилган. Камлёва ҳукм устидан Рига минтақавий судига шикоят қилиши мумкин.






